Logo

Бельгия мактабларида янги ўқув йилидан бошлаб смартфонлардан фойдаланиш тақиқланади

Август 20, 2025. 09:45 • 2 дақ

41
Бельгия мактабларида янги ўқув йилидан бошлаб смартфонлардан фойдаланиш тақиқланади

БРЮССЕЛЬ, 20 август. /Дунё" АА /. 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб Бельгия бошланғич ва ўрта мактабларида смартфон ҳамда бошқа электрон қурилмалардан таълимдан ташқари мақсадларда фойдаланиш тақиқланади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Тhe Brussels Times" янгиликлар портали маълумотига кўра, мамлакатнинг барча ҳудудларида мобил телефонлар ва бошқа электрон қурмалардан фойдаланишга тақиқ жорий этилади. Ушбу чеклов фақат тиббий кўрсатмалар билан боғлиқ ҳолатлар ёки фавқулодда вазиятлар учун амал қилмайди.


Учта тил ҳамжамиятининг тартиб-қоидаларидаги фарқларга қарамай, янги тақиқ бутун Бельгия ҳудудида амалда бўлади. Шу билан бирга, мактаблар қоидалар бузилганда жазо чораларини ўзлари мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.


Валлониядаги ва Брюсселдаги француз тилидаги бошланғич мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш бўйича чекловлар  2024–2025 ўқув йилидан бошлаб амал қилмоқда. Ўрта мактабларда эса телефонлардан фойдаланиш "чекловчи" шаклда тартибга солинган.


Немис тилида сўзлашувчи аҳоли яшайдиган мактабларда смарт-соатлар ва мобил телефонларга уланадиган бошқа қурилмалардан фойдаланиш қатъиян тақиқланмоқда. Ушбу чекловлар нафақат дарс жараёнида, балки танаффус вақтида ҳам амалда бўлади. Ушбу янги тартиб ўқувчиларнинг диққатини дарсга жамлашни таъминлаш, ўқув муҳитини самарали қилиш ҳамда таълим сифатини оширишга қаратилган.


Нидерланд тилида сўзлашувчи (фламанд) ҳудудида, болалар боғчалари ва бошланғич мактабларда аллақачон жорий этилган мазкур қоида эндиликда ўрта мактабларга ҳам тадбиқ этилади.


Бельгияда таълим йили француз тилида сўзлашувчи мактабларда 25 августдан, қолган ҳудудлардаги мактабларда эса 1 сентябрдан бошланади. Бельгия Статистика бошқармасининг маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг деярли 17 фоизи 15 ёшгача бўлган болалардан иборат.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш