Жиззах вилоятида ибтидоий одамларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётига доир манзиллар аниқланди
Май 13, 2025. 10:13 • 2 дақ
• 683
ТОШКЕНТ, 14 май./"Дунё" АА/. Ўзбекистон археологлари Жиззах вилоятида сўнгги палеолитдан неолитгача бўлган даврларга оид бир қатор қадимий манзилгоҳларни топдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, 2025 йил 28 апрелдан 6 майга қадар мазкур агентлик ҳамда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти Тош даври бўлими ходимлари томонидан Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ҳудудида жойлашган Нурота тоғ тизмасининг шимоли-ғарбий қисмида дала тадқиқот-қидирув ишлари олиб борилди.
Тадқиқотлар жараёнида тарихий аҳамиятга эга қатор археологик манзиллар аниқланди.
Ўгат қишлоғининг ғарбий қисмида сўнгги палеолит даврига оид ибтидоий кишиларнинг яшаш макони қайд этилди. Изланишларнинг дастлабки таҳлиллари бу ҳудудда минг йиллар аввал инсонлар доимий ёки мавсумий истиқомат қилганини кўрсатмоқда. Қоропчи қишлоғининг шимолий этакларида эса неолит даврига мансуб иккита янги макон аниқланди.
"Топилган манзиллар инсониятнинг деҳқончилик ва чорвачиликка ўтиш даврига оид муҳим маълумотларни ўз ичига олади. Ёнбоштут қишлоғи шимолида жойлашган "Бешбулоқ" номли макон ҳам неолит даврига тегишли бўлиб, бу ерда қадимги жамиятларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётига доир излар топилган", – дейилади манбада.
Мазкур археологик топилмалар Ўзбекистон ҳудудида энг ибтидоий одамларнинг яшаш тарихини ўрганишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Тадқиқотлар ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Келгусида топилмаларнинг илмий таҳлиллари асосида каталоглар, мақолалар ва кўргазмалар тайёрланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги сайтидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Буюк Британия билан янги авиақатновлар йўлга қўйилди
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда