Покистон ҳукумати "Беларусь–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон" халқаро транспорт йўлагини ташкил этиш бўйича меморандумни имзолади
Сентябрь 19, 2024. 19:37 • 2 дақ
• 426
ИСЛОМОБОД, 20 сентябрь. /"Дунё" АА/. Исломобод шаҳрида "Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон" халқаро транспорт йўлагини ташкил этиш ва ривожлантириш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини Покистон ҳукумати томонидан имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, ҳужжатни Покистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Шер Али Меҳсуд имзолади.
Тадбирда Покистон Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Исҳақ Дар, Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук, Ўзбекистон элчиси Ойбек Усманов, Покистон ва Россия делегациялари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентининг халқаро мультимодал транспорт йўлагини ташкил этиш ташаббуси Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқликни қайта тиклаш жараёнининг узвий қисми бўлиб, бу борада 2021 йилдан бери жадал ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз етакчисининг мазкур ташаббуси трансафғон темир йўл лойиҳаси билан ҳамоҳангликда Афғонистон мультимодал юк ташувларини янада фаоллаштириш, минтақа халқлари фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бугунги кунга қадар мазкур ҳужжат Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари томонидан имзоланган. Тез орада Афғонистон ва Беларусь томонларининг ҳам ушбу меморандумга қўшилиши кутилмоқда.
"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг минтақавий боғлиқлик ташаббуси XXI асрдаги йирик стратегик ва муҳим геоиқтисодий лойиҳа бўлиб, Марказий Осиё, МДҲ, Шарқий Европа ва Жанубий Осиё мамлакатлари иштирокида ягона маконни яратишга хизмат қилади. Бу ташаббус нафақат савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика муносабатларини янги босқичга олиб чиқади, балки инсон капитали эркин ҳаракатланиши, илм-фан ютуқлари, инновацион-технологик янгиликлар трансферида ҳам кенг имкониятлар яратади", - деди Покистон ТИВ раҳбари.
Россия ҳукумат раҳбари ўринбосари Алексей Оверчук ушбу ҳужжат Ўзбекистон Президентининг минтақавий интеграция ташаббусининг амалий ижросини таъминлаб, иштирокчи давлатлар ўртасида, шунингдек, бошқа мамлакатлар билан транспорт алоқаларини кенгайтириш имконини беришини алоҳида қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси