Logo

Тошкентда Жаҳон савдо ташкилоти модели бўйича халқаро форум ўтказилди

Апрель 09, 2026. 19:28 • 3 дақ

182
Тошкентда Жаҳон савдо ташкилоти модели бўйича халқаро форум ўтказилди

ТОШКЕНТ, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Жаҳон савдо ташкилоти моделига бағишланган Тошкент халқаро форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Икки кун давом этган ушбу форум университетнинг Жаҳон савдо ташкилоти кафедраси ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур ташаббус Жаҳон савдо ташкилотининг институционал жараёнларини амалий жиҳатдан қайта яратишга қаратилган бўлиб, иштирокчиларга халқаро савдо ҳуқуқи, савдо дипломатияси, кўп томонлама музокаралар ҳамда савдо низоларини ҳал қилиш механизмлари бўйича чуқур билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш имконини берди.

Форумда Қозоғистон, Ҳиндистон, Япония ва Ўзбекистондан ташриф буюрган иштирокчилар — талабалар, ёш тадқиқотчилар ҳамда халқаро савдо ва иқтисодий бошқарув соҳасига қизиққан истиқболли мутахассислар қатнашди.

“Барқарор глобал иқтисодиёт учун кўп томонлама савдони ислоҳ қилиш” шиори остида ўтган форум бугунги кунда халқаро савдо тизими олдида турган долзарб муаммоларга бағишланди.

Форум иштирокчилари жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар, глобал таъминот занжирларидаги узилишлар, савдо ва барқарор ривожланиш масалалари ҳақида фикр алмашди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш жараёни, мамлакатнинг глобал иқтисодиётга қоидаларга асосланган интеграциясини таъминлашга қаратилган стратегик мақсадларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Иштирокчилар ЖСТнинг асосий жараёнларини симуляция қилди. Улар қўмита мажлислари шаклида музокаралар олиб бориш, ҳуқуқий масалаларни таҳлил қилиш, далиллар келтириш ва савдо низоларини ҳал қилиш бўйича амалий машғулотларда иштирок этди. Бу жараён иштирокчиларга давлатлар халқаро савдода ўз манфаатларини қандай ҳимоя қилиши, музокаралар олиб бориши, коалициялар тузиши ва муросага келиш механизмларидан қандай фойдаланишини чуқур англаш имконини берди.

Бундай тадбирлар Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакатнинг ЖСТга қўшилиш жараёни фаол босқичга кирган бир пайтда, халқаро савдо қоидалари билан ишлай оладиган, музокараларда самарали иштирок этадиган ва миллий манфаатларни халқаро майдонда ҳимоя қила оладиган малакали кадрларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Шу маънода, мазкур форум миллий экспертлар ва янги авлод мутахассисларини тайёрлашга хизмат қиладиган муҳим академик мактаб вазифасини бажарди.

Ўзбекистон Президентининг Жаҳон савдо ташкилотидаги вакили Азизбек Урунов юртимизнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг стратегик аҳамияти, музокараларнинг мураккаблиги ҳамда ички ислоҳотларни халқаро қоидаларга мослаштириш зарурати ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Форум давомида иштирокчилар кўп томонлама савдо бошқарувини ислоҳ қилиш, глобал иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, савдо ва ривожланиш ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, савдо низоларини ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва институционал механизмлари каби масалаларни кенг муҳокама қилди.

Умуман олганда, мазкур халқаро форум таълим, амалиёт ва давлат сиёсатининг устувор йўналишларини ўзаро уйғунлаштирган ҳолда, олий таълим муассасалари, экспертлар ҳамжамияти ва давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шу билан бирга, у келажакда халқаро иқтисодий муносабатлар тизимида фаол иштирок этадиган, юқори малакали ва рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш