Жаҳоннинг иккинчи энг кичик мамлакатида илк бор теракт содир этилди
Июнь 30, 2026. 18:15 • 2 дақ
• 87
МОНАКО, 30 июнь. /“Дунё” АА/. Ватикандан кейинги энг кичик давлат ҳисобланган Монакода мамлакат тарихидаги илк террорчилик ҳаракати содир этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Франциянинг “Le Figaro” газетасига таяниб.
29 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 21:15да (Тошкент вақти билан 00:15да) Монакода портлаш юз берди. Расмийларнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида уч киши – икки нафар катта ва бир бола жабрланган. Шунингдек, бешта автомобилга зарар етган.
Хабарларга кўра, видеокузатув камералари бир эркакнинг рюкзакни турар жой биноси йўлагида қолдириб, сўнг князлик ҳудудидан Франция томондаги Босолей шаҳри йўналишида пиёда чиқиб кетганини қайд этган.
Жиноятчининг шахси ҳозирча аниқланмаган, уни қидиришга 40 га яқин француз жандарми ва иккита вертолёт жалб этилган. Князлик билан чегарада хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Монако давлат вазири (ҳукумат раҳбари) Кристоф Мирман ушбу воқеани теракт ва князлик тарихидаги биринчи шундай ҳодиса деб атади.
Монако князи Альберт II ҳам мамлакат тарихидаги илк терактни қоралаб, жамоат хавфсизлиги кучларининг “юқори даражадаги ишини” қайд этди ҳамда ҳодисадан жабр кўрганлар ва жабрланган маҳаллий аҳолига ҳамдардлик билдирди.
Бироқ газета терговига яқин манбанинг хабар беришича, тергов энди теракт версиясини асосий деб ҳисобламаяпти ва жиноятни бошқача таснифлаши мумкин.
“AFP” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси