Logo

Покистоннинг Балужистон вилоятида бир гуруҳ қуролланган шахслар тўққиз нафар автобус йўловчисини ўғирлаб кетди ва ўлдирди

Июль 11, 2025. 19:07 • 2 дақ

58
Покистоннинг Балужистон вилоятида бир гуруҳ қуролланган шахслар тўққиз нафар автобус йўловчисини ўғирлаб кетди ва ўлдирди

КВЕТТА, 11 июль. /"Дунё" АА/. Покистон ҳукумати жануби-ғарбий Балужистон вилоятида автобусларга уюштирилган қатор ҳужумлар чоғида қуролли шахслар томонидан ўғирлаб кетилган тўққиз нафар йўловчининг жасадини топди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Покистоннинг "The News International" нашри маълумотига кўра, йўловчилар 10 июнь куни кечқурун иккита автобусдан ўғирлаб кетилган эди. Уларнинг жасадлари ўқ жароҳатлари билан тоғлар орасидан топилган.

"Биз жасадларнинг шахсини аниқлаяпмиз ва уларнинг оилалари билан боғланяпмиз", – деди маҳаллий расмий.

Қайд этилишича, шарқий Панжоб провинциясидан келган одамларни ўлдиришда балужистонлик сепаратистлар кўп маротаба иштирок этган. Улар ҳукуматни бошқа ҳудудлардаги харажатларни молиялаш учун минтақавий ресурсларни ўғирлашда айбламоқда.

"Сўнгги ойларда сепаратистлар Покистон ҳарбийларига қарши ҳужумларни кучайтирди", – дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Белуж озодлик армияси (BLA) темир йўлни портлатиб юборди ва 400 дан ортиқ поезд йўловчиларини гаровга олди. Улардан 31 нафари ҳалок бўлди.

Балужистон Бош вазири Мир Сарфараз Бугти тинч аҳолининг шафқатсизларча ўлдирилишини қоралаб, буни "очиқ терроризм" деб атади. "Биз бор кучимизни сафарбар этиб, барча террорчилик тармоқларини тор-мор этамиз", – деди у.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам ушбу хунрезликни қоралади. "Биз террорчиларга қарши бор кучимиз билан курашамиз", – дейилади ҳукумат идораси баёнотида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш