Исроилда сайловлар якунланди, аммо ҳали ҳам ғолиб аниқлангани йўқ
Октябрь 30, 2026. 12:00 • 3 дақ
• 224
ТЕЛЬ-АВИВ, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Исроилда 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари якунларига кўра, овозларни санаб чиқиш ниҳоясига етган бўлса-да, на амалдаги бош вазир Бинямин Нетаньяху блоки, на Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолифат Кнессетда етарлича ўринни қўлга кирита олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, Бинямин Нетаньяху бошчилигидаги “Ликуд” партияси 20,51 фоиз, Гади Айзенкотнинг марказчи “Яшар” партияси эса 16,06 фоиз овоз тўплаган. Натижада бош вазир блоки 53 та, мухолифат эса 48 та мандатга эга бўлди. Яна 19 та ўрин рекорд натижа кўрсатган “Бирлашган рўйхат” ва “РААМ” араб партияларига насиб этди.
Бироқ ҳукуматни шакллантириш учун 120 та депутатлик ўрнидан камида 61 тасига эга бўлиш талаб этилади. Шу боис сиёсий кучларни олдинда коалицион музокаралар кутмоқда ва бунда араб партиялари муҳим роль ўйнаши мумкин.
Муҳокама қилинаётган сценарийлардан бири – Бинямин Нетаньяху ва мухолифатнинг бир қисми иштирокида миллий бирлик ҳукуматини тузишдир.
“Walla” нашри маълумотларига кўра, амалдаги бош вазир икки йилдан сўнг ўз лавозимини Гади Айзенкотга бўшатиб бериши, кейинчалик эса мамлакат президенти лавозимига даъвогарлик қилиши мумкин бўлган вариант кўриб чиқилмоқда.
Бошқа бир вариант эса араб партияларининг вазиятга қараб қўллаб-қувватлаши асосида мухолифат томонидан озчилик ҳукуматини шакллантиришни назарда тутади.
Шунингдек, амалдаги бош вазирни яна ҳукуматга раҳбарлик қилиш имкониятидан маҳрум этиши мумкин бўлган бош вазирлик муддати сонини қонуний чеклаш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Бироқ бу масалада мухолифатнинг ўзида ҳам якдиллик йўқ.
Агар коалиция бўйича келишувга эришилмаса, Исроилни янги парламент сайловлари кутмоқда. Янги ҳукумат тузилгунга қадар бош вазир вазифасини Нетаньяху бажаришда давом этади.
Якуний натижаларнинг расман эълон қилиниши 4 ноябрдан аввал бўлмаслиги кутилмоқда. Шундан сўнг Исроил Президенти Исхак Герцог парламент фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказади ва номзодлардан бирига ҳукуматни шакллантиришни топширади.
Овоз бериш жараёнидан кейин ҳам сиёсий кескинлик сақланиб қолмоқда. “Ликуд” тахмин қилинаётган қонунбузарликлар ҳақида маълум қилиб, сайловларни “ўғирланган” деб атади, Гади Айзенкот эса бош вазир партиясини натижаларнинг қонунийлигини шубҳа остига қўйишга уринишда айблади.
Устига-устак, ўта ўнгчи сиёсатчи Итамар Бен-Гвир араб партиялари етакчиларини Қатардан молиялаштирилаётганликда гумон қилиб, уларни ҳибсга олишга чақирди, бироқ бунга ҳеч қандай очиқ далиллар келтирилмади.
Ушбу сайловлар Ғазо секторидаги уруш ва Эрон билан ҳарбий можаро бошланганидан буён Исроилда ўтказилган биринчи парламент сайловлари бўлди ҳамда мамлакатнинг кейинги сиёсий йўналишини белгиловчи муҳим кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.
“Reuters” сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси