Logo

Ўзбекистон мактаб ўқувчилари Жанубий Кореяда бўлиб ўтаётган "Халқаро болалар санъати алмашинуви кўргазмаси-2025"да фаол иштирок этмоқда

Июнь 16, 2025. 14:15 • 2 дақ

675
Ўзбекистон мактаб ўқувчилари Жанубий Кореяда бўлиб ўтаётган "Халқаро болалар санъати алмашинуви кўргазмаси-2025"да фаол иштирок этмоқда

СЕУЛ, 16 июнь. /"Дунё" АА/. Сирдарё вилояти Маданият бошқармаси тасарруфидаги 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари Пёнтэк шаҳрида ўлиб ўтаётган "Халқаро болалар санъати алмашинув кўргазмаси-2025"да муваффақиятли иштирок этаяптилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

 Юртимиз ўқувчиларининг мазкур фестивалда иштироки мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида уюштирилди.

Пёнтэк шаҳри ҳокимияти ва мазкур шаҳар Халқаро алмашинув фонди томонидан ташкил этилган кўргазмада 33 мамлакат ўқувчиларининг 280 га яқин санъат асарлари намойиш этилмоқда.

Жорийда йилда мазкур кўргазманинг 35 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда келажак авлодлар учун янада тинч дунё яратиш мақсадида ташкилотчилар томонидан "Дунёмиз учун тинчлик" мавзуси танланди.

Ўзбекистон мактаб ўқувчиларининг "Халқаро болалар санъати кўргазмаси" учун жами 14 та асари танлаб олинган бўлиб, уларда дунёда тинчликни асраш, урушга қарши муросасиз муносабат ва инсонлар ўртасида тотувликни тарғиб қилувчи мазмунли ғоялар ўз ифодасини топган. Бу асарлар орқали юртимиз болалари глобал ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик қадриятларига содиқ эканини намоён этмоқда.

Тадбир Халқаро алмашинув фонди томонидан ҳар йили ўтказилади ва у Пёнтэк аҳолиси ва меҳмонлари учун санъат орқали турли дунё маданиятларини ўрганиш ҳамда иштирокчи мамлакатлар ва мазкур шаҳар ўртасида маданий алмашинувни ривожлантириш учун қулай имконият яратади.

"Халқаро болалар санъати алмашинув кўргазмаси-2025" 11 июлга қадар давом этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш