Германия компанияси Ўзбекистон қурилиш соҳасига энг янги технологияларни жорий этишга сармоя киритишга тайёрлигини тасдиқлади
Март 06, 2024. 12:39 • 2 дақ
• 481
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 6 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Германиянинг "CBS HOME" қурилиш компанияси раҳбарияти билан музокара ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноати тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва сервис марказларини барпо этиш соҳасидаги ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳалари ва илғор ташаббусларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Томонлар мамлакат аҳолисининг жадал ўсишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда қурилиш индустрияси ва архитектурасини ривожлантириш учун сармоявий, савдо-саноат кооперациясини кенгайтиришдан манфаатдорлик билдиришди.
Германия вакилларига юртимизда "яшил" саноатни ривожлантириш ва Ўзбекистон ишлаб чиқариш тузилмаларини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бугунги кунда "CBS HOME" компанияси энг илғор технологияларидан фойдаланган ҳолда қурилиш учун инновацион қайта тикланадиган материалларни ишлаб чиқармоқда. Қолаверса, руҳланган пўлат ва қуйма бетондан ясалган таянч конструкция цемент ва пўлатдан самарали фойдаланиш ҳисобига ишлаб чиқариш вақтини уч баробарга қисқартиради ва ишлаб чиқариш харажатларини 25 фоизгача тежайди.
Германия томони ишлаб чиқариш қуввати ва конструкцияларнинг сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон қурилиш соҳасига энг янги технологияларни жорий этишга сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида тижорат таклифини тайёрлаш натижалари бўйича амалий алоқалар ва музокараларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси