Ўзбекистонда "Ягона инвестиция платформаси" ахборот тизимини жорий қилинади

Июль 21, 2025. 07:15 • 2 дақ

388
Ўзбекистонда "Ягона инвестиция платформаси" ахборот тизимини жорий қилинади

ТОШКЕНТ, 21 июль. /Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш вазифалари тасдиқланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган "Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  қарорда сўз боради.

Ҳужжатда 2025 йил 11 июнь куни ўтказилган Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи ялпи мажлиси доирасида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг амалга оширилишини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Жумладан, давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи ялпи мажлисида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси ва Хорижий инвесторлар кенгаши Ўзбекистон томонининг янгиланган таркиби тасдиқланмоқда.

Бунда Хорижий инвесторлар кенгашига унинг ҳузурида йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил қилиш ҳамда уларнинг таркибига вазирлик ва идоралар раҳбарлари (ходимлари)ни жалб қилиш ҳуқуқи бериляпти.

Қарорда Кенгаш котибияти ва ишчи гуруҳлар фаолиятини такомиллаштириш муҳимлиги таъкидлаган ва Кенгаш аъзолари ҳамда халқаро молия институтларининг таклифлари инобатга олинган.

Қайд этилишича, Кенгаш котибияти нодавлат нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилади ва унинг аъзолигига халқаро молия институтларини ҳам жалб қилинади.

Кенгаш котибияти хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри ишлаш орқали мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестиция маблағларини жалб қилишга кўмаклашади.

Шунингдек, Кенгаш котибияти ҳамда ишчи гуруҳларнинг фаолияти натижалари ҳақида ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериш тизими яратилади.

Ишчи гуруҳлар ҳар ойда Кенгаш котибияти билан ҳамкорликда ҳаракатлар режаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан муҳокамалар ўтказиб боради ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарорга мувофиқ эндиликда "Ягона инвестиция платформаси" ахборот тизимини жорий қилинади.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш