Венгрия Ўзбекистондан тиббиёт кадрларини жалб қилишдан манфаатдор
Ноябрь 22, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 42
БУДАПЕШТ, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг парламент давлат котиби Тамаш Швед билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, Венгриянинг янги ҳукумати билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда қатор муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, Венгрия томони 2027 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга мутахассислар гуруҳини юбориб, тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда оилавий поликлиникалар фаолиятини ўрганишга қизиқиш билдирди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Ҳукуматлараро битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни 2027 йилдаги юқори даражадаги ташрифлар доирасида имзолаш имконияти кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Венгрия тиббиёт муассасаларида Ўзбекистондан 5 нафар беморни, асосан аёллар ва болаларни, бепул даволаш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш таклиф этилди.
Кадрлар соҳасида ҳам ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Венгрия томони ўзбекистонлик ҳамширалар ва ўрта тиббий персонал вакилларини ишга жалб қилиш имкониятларига қизиқиш билдирди. Бу борада Ўзбекистоннинг тиббиёт ходимларини Европа мамлакатларида ишга жойлаштириш тажрибаси юзасидан маълумот алмашишга келишилди.
Эришилган келишувларни амалий босқичга ўтказиш мақсадида Тамаш Швед 2027 йил январь ойида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва мутахассислар алмашинувини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси