Ўзбекистон банки Венгрия тажрибаси асосида замонавий универсал банкка айлантирилади
Июль 16, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 194
БУДАПЕШТ, 16 июль. /“Дунё” АА/. Венгриянинг нуфузли “Daily News Hungary” нашрида эълон қилинган интервьюда “OTP Group” бошқаруви раиси ўринбосари Адам Сентпетери “Ipoteka Bank”ни замонавий универсал тижорат банкига айлантириш жараёни ҳақида тўхталиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Адам Сентпетерининг таъкидлашича, “Ipoteka Bank”ни сотиб олиш бўйича келишув 2022 йилда имзоланган бўлиб, банкни интеграция қилиш ва трансформация қилиш жараёни 2023 йилда бошланган. Асосий мақсад, аввал ипотека кредитлашга ихтисослашган банкни замонавий, тўлиқ циклли молиявий хизмат кўрсатувчи универсал тижорат банкига айлантиришдан иборат бўлган.
“Биз операцион жараёнларни қайта кўриб чиқмоқдамиз. Банк хизматлари турини кенгайтиряпмиз, ахборот технологиялари тизимларини модернизация қиляпмиз ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширяпмиз. Бу жараёнда рақамлаштириш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади”, – деган “OTP Group” вакили.
Адам Сентпетерининг маълум қилишича, амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини молиявий кўрсаткичларда ҳам намоён этмоқда. Жумладан, “Ipoteka Bank”нинг соф фойдаси 2024 йил якунларига кўра, қарийб 100 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич тахминан 140 миллион долларга етган.
Бундан ташқари, банк вакили интервьюда Ўзбекистон молия сектори, инфратузилма, технологиялар, агросаноат мажмуаси ва истеъмол хизматлари соҳаси жадал ривожланаётгани боис хорижий инвесторлар учун жозибадор бозорга айланиб бораётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, венгриялик компаниялар учун рақамлаштириш, озиқ-овқат саноати, агротехнологиялар, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари истиқболли йўналишлар ҳисобланади.
Шу билан бирга, у банк трансформациясидаги энг катта вазифа модернизация, рақамлаштириш ва “OTP Group” тизимига интеграция жараёнларини бир вақтнинг ўзида амалга ошириш эканини қайд этган.
“Модернизацияни рақамлаштиришсиз тасаввур қилиб бўлмайди, рақамлаштириш эса ташкилий ислоҳотларсиз етарлича самара бермайди”, – дея қўшимча қилган Адам Сентпетери.
У Тошкентдаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритар экан, венгриялик мутахассис шаҳардаги ривожланган инфратузилма ва хорижий мутахассислар учун яратилган қулай шароитларни алоҳида эътироф этган. Айниқса, Ўзбекистон аҳолисининг очиқкўнгиллиги, меҳмондўстлиги ва тараққиётга интилишини юқори баҳолаган.
“Daily News Hungary” нашрининг ёзишича, “Ipoteka Bank”нинг трансформация қилиниши Ўзбекистон–Венгрия иқтисодий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва мамлакатга янги инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси