Аннегрет Крамп-Карренбауэр: Марказий Осиёнинг янада ривожланиши минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бевосита боғлиқ

Сентябрь 21, 2026. 20:00 • 4 дақ

20
Аннегрет Крамп-Карренбауэр: Марказий Осиёнинг янада ривожланиши минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бевосита боғлиқ

КАДЕНАББИЯ, 21 сентябрь. /“Дунё” АА/.  Марказий Осиё мамлакатлари экспертлари делегацияси Конрад Аденауэр жамғармаси раиси Аннегрет Крамп-Карренбауэр билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув Италиянинг Каденаббия шаҳрида 17–19 сентябрь кунлари бўлиб ўтган “Глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё: ўз стратегиялари, минтақавий хавфсизлик ва янги ҳамкорликни шакллантириш” мавзусидаги халқаро экспертлар учрашуви доирасида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари – парламент аъзолари, ташқи сиёсат идоралари ходимлари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Аннегрет Крамп-Карренбауер учрашув иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти ва минтақани янада мустаҳкамлаш учун мавжуд улкан салоҳиятни алоҳида таъкидлади.

“Мен минтақангиз нақадар муҳим эканини, у қандай стратегик аҳамиятга эгалигини ва янада кучли бўлиш учун қанчалик катта салоҳиятга эга эканини яхши биламан”, – деди у.

Жамғарма раисининг сўзларига кўра, Марказий Осиёни янада мустаҳкамлаш минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва чуқурлаштириш, ўзаро ҳамкорликнинг барқарор механизмларини шакллантириш билан бевосита боғлиқ. Унинг таъкидлашича, бугун Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий тараққиёт устуворликларини тобора фаол равишда мустақил белгиламоқда ва ўзаро боғлиқлик ҳамда ишончни мустаҳкамлашга, шунингдек, бутун минтақанинг изчил ривожланишига хизмат қилувчи ҳамкорликнинг амалий шаклларини йўлга қўймоқда.

Шу муносабат билан Аннегрет Крамп-Карренбауер Конрад Аденауер жамғармаси шу каби сиёсий ва экспертлар учрашувларини ўтказиш орқали минтақавий мулоқотни ривожлантиришга кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.

“Агар биз ҳам бу жараёнга, жумладан, бугунги фикр алмашуви орқали муайян ҳисса қўша олсак, бундан жуда мамнун бўламан. Бу мен учун катта қувонч ва фахрдир”, – деди у.

Аннегрет Крамп-Карренбауер учрашувнинг Германиянинг биринчи федерал канцлери Конрад Аденауер номи билан чамбарчас боғлиқ бўлган Каденаббияда ўтказилиши ўзига хос рамзий аҳамиятга эга эканига алоҳида эътибор қаратди.

Унинг эслатишича, К.Аденауер ёз ойларининг катта қисмини шу ерда ўтказган, бироқ унинг Каденаббияда бўлиши амалда ҳеч қачон оддий таътил бўлмаган. У Италияда бўлган вақтида ҳам давлат ишлари билан шуғулланишда давом этган, ҳар куни кўплаб меҳмонларни, жумладан, хорижий вакилларни қабул қилган, ички ва халқаро сиёсат масалаларини муҳокама қилган.

Конрад Аденауер бу ерда бўлган йилларда “Villa La Collina” амалда муваққат федерал канцлерлик қароргоҳи вазифасини бажарган. Бу ерда юқори мартабали сиёсат ва ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, Германиянинг давлат ва ташқи сиёсатига доир энг муҳим масалалар муҳокама қилинган. Конрад Аденауер жамғармаси бугун ҳам Каденаббияни халқаро сиёсий ва экспертлар мулоқоти макони сифатида сақлаб келмоқда.

Шунингдек ўқинг

“Умид қиламанки, бу ўзига хос муҳит ва ушбу масканнинг руҳи сизларга илҳом бағишлаб, фаолиятингизда қўллаб-қувватлайди”, – деди Аннегрет Крамп-Карренбауер.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов Аннегрет Крамп-Карренбауерга учрашувда иштирок этгани, минтақавий мулоқотни қўллаб-қувватлагани ҳамда Жамғарма майдонида шу каби тадбирларни ўтказиш имкониятини яратгани учун миннатдорлик билдирди.

У сиёсатчилар, парламент аъзолари, ташқи сиёсат идоралари ходимлари ва Марказий Осиё мамлакатлари экспертларини бирлаштирган учрашув иштирокчиларининг нуфузли таркибига алоҳида эътибор қаратди.

“Бу ерда ҳақиқатан ҳам сиёсатчилар, парламентлар ва ташқи сиёсат идоралари вакиллари, минтақа мамлакатларидан экспертлар ва сиёсий арбоблар – минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида фаолият юритаётган инсонлар иштирок этмоқда. Уларнинг кўпчилиги бу йўналишда кўп йиллардан буён иш олиб бормоқда”, – деди Акрамжон Неъматов.

Унинг сўзларига кўра, турли касбий доиралар вакилларини, яъни Марказий Осиёда минтақавий яқинлашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнларида бевосита иштирок этаётган мутахассисларни бир майдонда бирлаштириш имкониятиалоҳида аҳамият касб этади. Акрамжон Неъматов Конрад Аденауер жамғармасига бундай мулоқотни кўп йиллар давомида қўллаб-қувватлаб келаётгани ва очиқ фикр алмашиш учун шароит яратаётгани учун ҳам миннатдорлик билдирди.

Бўлиб ўтган учрашув ўзгариб бораётган жаҳон тартибида Марказий Осиёнинг ўрни ҳақидаги кенг қамровли мулоқотнинг бир қисми бўлди. Муҳокамалар марказида минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик ва ишончни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, транспорт ҳамда сув-енергетика соҳаларидаги ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, Марказий Осиёнинг мустақил минтақа сифатидаги мавқейи ва стратегик автономиясини мустаҳкамлаш масалалари турди.

Аннегрет Крамп-Карренбауер 2026 йил 1 январдан Конрад Аденауер жамғармасига раҳбарлик қилиб келмоқда. У 2025 йил 19 декабрда Бундестагнинг собиқ раиси Норберт Ламмерт ўрнига Жамғарма раиси этиб сайланган.

Аннегрет Крамп-Карренбауер – сўнгги ўн йилликлардаги Германиянинг энг таниқли сиёсий арбобларидан бири. У 2011–2018 йилларда Саар федерал ери бош вазири лавозимида ишлаган, 2018 йил декабридан 2021 йил январига қадар Германия Христиан-демократик иттифоқига (ХДИ) раҳбарлик қилган, 2019–2021 йилларда эса Германия федерал мудофаа вазири бўлган. У 1981 йилдан буён ХДИ аъзоси ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш