“Infora News”: Ўзбекистон Ислом цивилизацияси меросини халқаро мулоқот майдонига айлантирмоқда

Июль 08, 2026. 15:30 • 2 дақ

63
“Infora News”: Ўзбекистон Ислом цивилизацияси меросини халқаро мулоқот майдонига айлантирмоқда

ИСЛОМОБОД, 8 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “Infora News” онлайн нашрида Ўзбекистонда ўтказилаётган  I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланганидек, “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” шиори остида ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўз ишини бошлади.

“Шу йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтадиган форум дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 300 нафар нуфузли меҳмонни бир майдон атрофида тўплади. Улар орасида халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, олимлар, исломшунослар, қўлёзмалар бўйича мутахассислар, музей, кутубхона ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор”, – дейилган мақолада.

Мақолада ёзилишича, форумнинг асосий мақсади Ислом цивилизациясининг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш, уни асраш ва халқаро илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Шунингдек, тадбир доирасида ҳадисшунослик, калом илми, қўлёзмаларни тадқиқ этиш, археология, музейшунослик, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш ва маданий дипломатия каби муҳим йўналишлар муҳокама қилинаётгани қайд этилган.

Шунингдек ўқинг

“Infora News” форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилганини хабар қилган.

Форум доирасида ICESCO ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан тайёрланган янги илмий нашрлар ва қўшма лойиҳалар тақдимоти, шунингдек, халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган меморандум ҳамда келишувларни имзолаш режалаштирилган.

Шу билан бирга, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий илмий меросига бағишланган халқаро конференциялар ўтказилиб, уларда ҳадисшунослик, ислом тафаккури, қўлёзмашунослик ва маданий меросни асраш масалалари муҳокама қилинади.

“Мазкур халқаро форум Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси бой меросини илмий асосда ўрганиш, уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш ва турли мамлакатлар ўртасида маданий-маърифий мулоқотни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг яна бир амалий ифодаси бўлмоқда”, – деб ёзилган мақола хулосасида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш