Немис матбуоти: Германия Ўзбекистондан малакали мутахассислар жалб қилишга катта қизиқиш билдирмоқда
Июль 08, 2026. 14:20 • 2 дақ
• 9
БЕРЛИН, 8 июль. /“Дунё” АА/. Германиянинг етакчи “ntv” онлайн нашрида Мекленбург-Олд Померания федерал ўлкасининг Ўзбекистондан малакали ишчи кучини жалб этишга қаратилган ташаббуслари ҳақида мақолаэълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, федерал ўлка Иқтисодиёт вазирлиги давлат котиби Йохен Шульте бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга сафари муваффақиятли якунланган. Сафарнинг асосий мақсади Мекленбург-Олд Померания корхоналари учун Марказий Осиёдан, хусусан, Ўзбекистондан малакали кадрларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлган.
Мақолада таъкидланишича, ташриф доирасида федерал ўлка Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон Миграция агентлиги ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Мазкур ҳужжат касбий таълим ва меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Томонлар мутахассисларни Германияга жўнатишдан аввал уларни чет тилларига ўқитиш, тегишли меҳнат фаолиятига тайёрлаш, Германия қонунчилигига мувофиқ қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш масалаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олган.
“Корхоналаримиз малакали кадрларга муҳтож. Шу боис, халқаро миқёсда фаол иш олиб боришимиз зарур. Бироқ, меҳнат миграцияси аэропортдан бошланмаслиги керак. Ёшлар чет элда уларни нима кутаётганини олдиндан билиши, хорижий тилни ўзлаштириши, ўз йўналишида етарли касбий кўникмаларга эга бўлиши, Германия қонунчилигига мувофиқ адолатли меҳнат шароитлари билан таъминланган бўлиши лозим”, — дейди давлат котиби.
Сафар давомида делегация Ўзбекистонда давлат идоралари, таълим муассасалари, тил ўрганиш марказлари, бизнес вакиллари ҳамда Германия таълим муассасалари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Йохен Шультенинг маълум қилишича, навбатдаги босқичда ташкилот ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш учун масъул шахслар белгиланади, муносиб касб йўналишлари аниқланади ҳамда касбий таълим ва ишга жойлашиш бўйича амалий механизм ишлаб чиқилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси