Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони илк бор 20 мингдан ошди

Июль 20, 2026. 16:30 • 2 дақ

172
Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони илк бор 20 мингдан ошди

ТОШКЕНТ, 20 июль. /“Дунё” АА/. Жорий йил 6 ойда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 20 минг 502 тага етди ва тарихда илк бор 20 минглик марра забт этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, корхоналарнинг умумий сонидан 4 минг 611 таси қўшма корхоналар, 15 минг 891 таси эса тўлиқ хорижий корхона ҳисобланади.

Сўнгги беш йил ичида республикада фаолият юритаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 1,4 бараварга ошди, бу мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги изчил мустаҳкамланаётгани ва халқаро ишбилармонлик ҳамкорлиги кенгаяётганини акс эттиради.

Шунингдек ўқинг

Хорижий капитал иштирокидаги энг кўп корхоналар Хитой инвесторлари иштирокида рўйхатга олинган — 6 минг 60 та. Кейинги ўринларни Россия — 3 минг 454 та, Туркия — 2 минг 293 та, Қозоғистон —  1 минг 307 та, Жанубий Корея —  725 та, Афғонистон —  685 та, Озарбайжон — 473 та, Тожикистон — 455 та, БАА — 440 та ва Ҳиндистон — 426 та эгаллаб турибди.

Экспертларнинг фикрича, хорижий капиталга эга корхоналар сонининг 20 минглик маррадан ошиши инвесторларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини ифодалайди. Халқаро инвестициявий иштирокнинг кенгайиши янги иш ўринлари ва ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, замонавий технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва мамлакатнинг жаҳон иқтисодий жараёнларига интеграциялашувини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш