Австриядан муносабат: Ўзбекистон цивилизациялар чорраҳаси ролини қайта тикламоқда
Сентябрь 20, 2026. 16:00 • 3 дақ
• 77
ВЕНА, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Евроосиё минтақаси бўйича эксперт, Вена университети профессори Эднан Аслан “Дунё” АА билан суҳбатда Ўзбекистон Президентининг 13–16 сентябрь кунлари Жанубий Кореяга давлат ташрифи якунлари ҳақида ўз фикрини билдирди:
– Сеулда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Жанубий Корея етакчиларининг саммити Евроосиё геоиқтисодиётидаги глобал ўзгаришларнинг муҳим белгиси бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикаси Президенти Ли Чже Мён билан учрашуви, унинг “илғор ривожланиш ҳамкорлиги” концепцияси билан чиқиши, Жанубий Корея бизнес вакиллари билан фаол музокаралари Тошкент минтақанинг асосий иқтисодий ва инновацион драйвери сифатида ишонч билан ҳаракат қилаётганидан далолат беради.
Австрия, умуман, Европа нуқтаи назаридан, Марказий Осиё бугунги кунда ўзининг стратегик аҳамиятининг тарихий ренессансини бошдан кечирмоқда. Буюк Ипак йўлининг ўтган асрларида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент Шарқ ва Ғарб учрашган, илм-фан гуллаб-яшнаган, илғор ғоялар туташган, жаҳон савдоси шаклланган буюк цивилизациялар чорраҳаси бўлиб хизмат қилган.
Бугун биз Ўзбекистон ушбу тарихий миссияни мутлақо янги технологик босқичда қайта тиклаётганини кузатмоқдамиз. Тошкент Шарқий Осиёнинг илғор технологияларини Европанинг иқтисодий манфаатлари билан боғлаб, яна Шарқ ва Ғарб ўртасидаги интеллектуал ва иқтисодий кўприкка айланмоқда.
Ғарб тадқиқотчилари Европа ва Жанубий Корея параллел равишда таъминот занжирларини диверсификация қилиш, муҳим хомашё ресурсларидан фойдаланиш ва Ўрта йўлак каби янги транспорт артерияларини яратиш йўлларини излаётганини кўрмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “Kia Motors”, “Hyundai” каби Жанубий Корея гигантлари ва бошқаларнинг Ўзбекистонда юқори технологияли ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича тажрибаси Европа бизнеси учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
Жанубий Кореянинг алоҳида стратегик шериги бўлган Ўзбекистон Евроосиё марказида жойлашган мамлакат сунъий интеллект, “яшил” энергетика, микроэлектроника ва муҳим минералларни қайта ишлаш учун динамик хабга айланиши мумкинлигини намойш этмоқда.
Иқтисодий модели тарихан муҳандислик, технологик экспорт ва Европадаги логистика боғловчи бўғини ролига асосланган Австрия каби мамлакат учун Ўзбекистоннинг бундай йўналиши улкан истиқболларни очади.
Тошкентнинг алоқаларни диверсификация қилиш бўйича прагматик сиёсати нафақат минтақада барқарорликни мустаҳкамлайди, балки замонавий Ўзбекистонни илм-фан, инновациялар ва халқаро савдонинг янги маконига айлантиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси