“Travel Tomorrow”: Тошкентдаги тарихий трамвай депоси Замонавий санъат марказига айлантирилди

Сентябрь 20, 2026. 15:00 • 2 дақ

33
“Travel Tomorrow”: Тошкентдаги тарихий трамвай депоси Замонавий санъат марказига айлантирилди

БРЮССЕЛЬ, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг ихтисослашган “Travel Tomorrow” порталида “Studio KO Тошкентдаги тарихий трамвай депосини Замонавий санъат марказига айлантирди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Тошкент марказидаги собиқ трамвай депоси ва дизель электростанцияси биноси Парижнинг “Studio KO” архитектура бюроси томонидан реконструкция қилиниб, Ўзбекистондаги биринчи доимий Замонавий санъат марказига (CCA) айлантирилди.

Марказ жорий йилнинг 6 сентябрь куни ўз эшикларини очди. Тарихи 1912 йилга бориб тақаладиган ушбу саноат мажмуаси 2019 йилда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига (ACDF) топширилган эди. Лойиҳа доирасида эски маъмурий бино китоб дўкони ва тадқиқот кутубхонасига айлантирилди, ички ҳовли эса очиқ осмон остидаги маҳорат сабоқлари ва кинонамойишлар учун мослаштирилди.

Реконструкция жараёнида маҳаллий хомашё ва анъанавий ҳунармандчилик усулларидан кенг фойдаланилди. Хатто махсус сопол плиткаларни тайёрлаш Тошкентдаги Раҳимовлар кулолчилик сулоласига топширилди. Меъморларнинг асосий вазифаси ҳудуднинг саноат меросини сақлаб қолган ҳолда, миллий декор элементларини уйғунлаштиришдан иборат бўлди.

Марказ ўз фаолиятини доктор Сара Раза кураторлигида ўтказилаётган “Hikmah” номли кўргазма билан бошлади. Унда маҳаллий ва хорижий мусаввирларнинг тарихий анъаналар ҳамда замонавий санъат уйғунлигига бағишланган 11 та асар тақдим этилган.

“Travel Tomorrow” нашрининг ёзишича, Тошкент Замонавий санъат маркази йил давомида кўргазмалар, тадқиқот дастурлари ва халқаро лойиҳаларни ўтказиб боради.

“Hikmah” кўргазмаси эса 2027 йил 31 январга қадар давом этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш