Logo

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Пекин шаҳрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти билан учрашди

Ноябрь 22, 2023. 11:04 • 54 сония

202
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Пекин шаҳрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти билан учрашди

ТОШКЕНТ, 22 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ташриф билан Хитойда бўлиб турган ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси кеча Пекин шаҳрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюн билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Бугун Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг Пекиндаги қароргоҳида ОИИБ президенти Цзинь Лицюн жаноблари ва унинг жамоаси билан самарали учрашув ўтказдик, - деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram каналида. - Биз банкнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар доирасида йўлга қўйилган истиқболли лойиҳаларни янада қўллаб-қувватлашини қадрлаймиз. Шубҳасиз, бизда қўшма лойиҳалар сонини ва уларнинг қийматини йилдан-йилга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд».


Эслатиб ўтамиз, шу йил 19 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифи доирасида Сиань шаҳрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнни қабул қилди. Кейинги йилларда банк билан муносабатлар жадал суръатда ривожланаётгани – инвестициявий ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар портфели 2 миллиард доллардан ошгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Янги Шериклик дастурини тез фурсатда қабул қилиш ва йирик қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш