Ўзбекистон–Япония ҳамкорлиги доирасида юқори даромадли иш ўринлари учун кадрлар тайёрланмоқда
Апрель 26, 2026. 21:05 • 2 дақ
• 222ТОКИО, 26 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг Токио шаҳридаги элчихонаси кўмагида Япониянинг «Проуд Партнерс», «Изуми Логистиcс» ҳамда «Cомпанй Аcтион» компаниялари билан қатор музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон фуқароларини тил ва касбга ўқитиш орқали уларни Японияда юқори маошли иш ўринлари билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хусусан, «Проуд Партнерс» ва «Изуми Логистиcс» компаниялари билан ҳамкорликда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва уларни Японияга ишга жўнатиш масалалари кўриб чиқилди. Япон томонининг маълум қилишича, Ўзбекистондан йилига 1000 нафаргача малакали ишчиларни қабул қилиш имконияти мавжуд.
Шунингдек, Ангрен шаҳрида ташкил этилган «Узбекистан Проуд Аcадемй» марказида ҳозирда 100 нафарга яқин номзод ўқитилмоқда. 2026 йил давомида ушбу кўрсаткични 300 нафарга етказиш режалаштирилган.
Лойиҳаларни амалга ошириш ва кенгайтириш доирасида «Проуд Партнерс» компанияси президенти Р.Сузукининг жорий йил 21–24 апрель кунлари Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилмоқда. Сафар давомида ўқув марказлари фаолияти билан танишиш, шунингдек янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Жумладан, ИТ соҳасида таълим олаётган ёшларни тил ва касбга тайёрлаш орқали уларни Японияда иш билан таъминлашга қаратилган янги дастурни амалга ошириш режалаштирилган.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан фуқароларни хорижий меҳнат бозорларига тайёрлаш ва уларни қонуний, барқарор иш ўрни билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

