Петербург халқаро иқтисодий форумида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва санъати намойиш этилди

Июнь 07, 2026. 15:13 • 3 дақ

95

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 7 июнь. /“Дунё” АА/. Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПХИФ) доирасида Ўзбекистон Фан ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси томонидан мамлакатнинг бой тарихий мероси ва замонавий маданий салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб этишга бағишлаб маданий дастур тақдим этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Санкт-Петербургда бўлиб ўтган мазкур дастур кўргазма лойиҳалари, илмий-маърифий тадбирлар ҳамда йирик халқаро опера саҳнаси билан кўпчиликнинг эътиборни тортди.

ПХИФнинг ўзи дунёдаги йирик иқтисодий мулоқот майдонларидан бири бўлиб,бу гал унда 130 дан ортиқ давлат ва ҳудудлардан 20 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Форумнинг асосий мавзуси “Прагматик мулоқот – барқарор келажак сари йўл” мавзусида бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пленар йиғилишда иштирок этиб, мамлакатнинг очиқлик ва инклюзивликка асосланган тараққиёт йўли ҳақида тўхталиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Маданий дастур доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи йирик кўргазмалар ташкил этилди. Жумладан, Фаберже музейида очилган “Ердаги ва осмондаги муҳаббат. Владимир ва Константин Маковскийлар” кўргазмаси халқаро санъат ҳамкорлигининг муҳим намунаси бўлди. Унда турли мамлакатларнинг 25 дан ортиқ музейидан 170 га яқин асарлар намойиш этилди, Ўзбекистон эса ўз коллекциясидан 9 та экспонат билан иштирок этди.

Шунингдек, Санкт-Петербург Эрмитажининг Бош штаб биносида “Бухоро амирлиги саройлари очиқлиги: Бухоро сарой санъати” номли марказий кўргазма очилди. Ушбу лойиҳа Бухоро амирлиги давридаги бой маданий мерос ва ҳунармандчилик анъаналарини кенг жамоатчиликка тақдим этишга қаратилган бўлиб, унда Ўзбекистон музейларидан 58 та, Эрмитаждан эса 9 та экспонат намойиш этилди.

Фестивалнинг йирик маданий воқеаси сифатида Мариинский театри саҳнасида Жорж Фридрих Генделнинг “Tamerlano” операси намойиш этилди. Янги режиссёрлик талқинида тайёрланган ушбу спектаклда Амир Темурнинг тарихий образи замонавий санъат ифодалари билан уйғунлаштирилди. Асарга ўзбек миллий мусиқа асбоблари ҳам киритилиб, у ўзига хос маданий синтез намунасига айланди.

Операда Ўзбекистон ва хорижлик машҳур ижрочилар, жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов иштирок этди. Томоша тахминан 2000 нафар томошабинни жалб қилди ва халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамловчи муҳим воқеа сифатида баҳоланди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Фан ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси томонидан тақдим этилган ушбу дастур мамлакатнинг маданий меросини жаҳон майдонида фаол тарғиб қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва глобал маданий мулоқотни кучайтиришга қаратилган давлат сиёсатининг изчил давоми эканини намоён этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш