НАТО штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш қилинди

Июнь 07, 2026. 14:57 • 3 дақ

70
НАТО штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш қилинди
НАТО штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш қилинди
НАТО штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш қилинди

МОНС, 7 июнь. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг Монс шаҳридаги НАТОнинг Бирлашган қўшинлари Бош қўмондонлигининг Операциялар бўйича штаб-квартираси (SHAPE)да ушбу ташкилотга аъзо ва шерик давлатлар иштирокида учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“НАТО шерик давлатлари куни – 2026” доирасида бўлиб ўтган тадбирнинг асосий мақсади НАТОга аъзо ва шерик давлатлар ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бой маданияти ва туристик имкониятларини кенг жамоатчиликка тарғиб этишдан иборат бўлди.

Иштирокчилар ўзларининг бой маданий мероси, туристик салоҳияти, миллий анъаналари, ҳунармандчилиги ҳамда миллий таомларини намойиш этди.

Ушбу тадбир НАТО доирасидаги энг муҳим маданий анъаналардан бири бўлиб, 2005 йилдан буён ҳар йили Монс шаҳрида мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу галги тадбирда 20 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашди. Учрашувга НАТО бош қароргоҳи ҳамда унинг тузилмаларида фаолият юритаётган 300 нафарга яқин ҳарбий хизматчи, ходим ва уларнинг оила аъзолари меҳмон сифатида ташриф буюрди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан SHAPE бошлиғи ўринбосари, Ҳарбий ҳамкорлик директорат бошлиғи адмирал Юсуф Карагюле кўп миллатли тузилмаларда бундай маданий учрашувлар дўстона алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. У, шунингдек, бу каби тадбирлар турли халқларнинг миллий қадриятлари, маданияти, ҳаёт тарзи ва урф-одатлари билан яқиндан танишиш, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Шунингдек ўқинг

Адмиралнинг маълум қилишича, НАТО ҳозирги кунда 35 давлат билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлиб, улардан 27 таси SHAPEда ўз вакилларини аккредитация қилган, 20 та давлат эса ушбу штаб-квартирада доимий офисга эга. Жорий йилги тадбирда айнан шу 20 та ҳамкор давлат миллий стендлари орқали ўз иштирокини намоён этди.

Шу билан бирга, Юсуф Карагюле НАТОнинг маданий ҳаётида ҳамкор давлатларнинг фаол иштирокини юксак баҳолаб, уларга самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон миллий павильони иштирокчиларнинг катта қизиқишини уйғотди. Меҳмонларга юртимизнинг бой тарихий-маданий меросини акс эттирувчи фотосуратлар, халқ ҳунармандлари томонидан яратилган буюмлар ҳамда анъанавий халқ ҳунармандчилиги намуналари намойиш этилди.

Меҳмонларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик, маданий ва тарихий салоҳияти ҳақида маълумот берувчи брошюралар, буклетлар ва флаерлар тарқатилди. Бу эса уларда юртимиз ҳақида янада тўлиқ тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берди.

Гастрономик қисм доирасида меҳмонларга ўзбек миллий таомлари ҳам тортиқ этилди. Мазкур таомлар иштирокчиларда ўзининг хилма-хиллиги, бетакрор таъми ва миллий хусусиятлари билан катта таассурот қолдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш