Ўзбекистон ва Филиппин тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилмоқда
Август 15, 2026. 16:20 • 2 дақ
• 198
ТОШКЕНТ, 15 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвоҳид Азимов кеча Филиппин элчиси (қароргоҳи Теҳрон шаҳрида) Роберто Манало билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқот давомида Ўзбекистон–Филиппин ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Филиппин томони Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли муносабатларни изчил ривожлантиришдан манфаатдорлигини тасдиқлади.
Томонлар, қишлоқ хўжалиги, кимё ва озиқ-овқат саноати, туризм соҳаларида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг салмоқли салоҳиятини қайд этди. Икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Туристик алмашинувларни ривожлантириш ва транспорт ўзаро боғлиқлигини кучайтириш имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Филиппин ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш ҳамда туризм соҳаси вакилларининг ўзаро танишув сафарларини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон–Филиппин муносабатларини янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга ўзаро тайёрлик тасдиқланди.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси