“Вечерний Бишкек” газетаси: ШҲТ доирасида таълим ва инновациялар инсон капиталини ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади
Август 15, 2026. 14:00 • 2 дақ
•
БИШКЕК, 15 август. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Вечерний Бишкек” газетасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, академик алмашинув ва қўшма илмий лойиҳаларни ривожлантириш истиқболларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб, академик мобиллик, қўшма тадқиқотлар ва тажриба алмашинуви минтақавий интеграциянинг муҳим йўналишларидан бирига айланаётгани таъкидланган. Бу жараёнда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги кўп томонлама механизмлар алоҳида аҳамият касб этаётгани қайд этилган.
Шу билан бирга, Тошкентда ўтказилган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасида ШҲТга аъзо давлатлар ёшлари ўртасида “ШҲТнинг 100 нафар келажак инновацион етакчиси” халқаро танлови ташкил этилгани ҳақида сўз юритилган.
Мақолада Ўзбекистонда илм-фан, технологиялар ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2025 йилда 250 нафардан зиёд ёш олим хорижий илмий марказларда стажировка ва амалий тайёргарликдан ўтгани, PhD ва DSc дастурлари бўйича 5 250 та квота ажратилгани, ёшлар технопарклари дастурлари эса 50 мингдан ортиқ ёш новаторни қамраб олгани қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Глобал инновациялар индексидаги мавқеи мустаҳкамланиб, мамлакат 139 давлат орасида 79-ўринни эгаллагани келтирилган.
Бундан ташқари материалда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан сўнгги йилларда Хитой, Россия, Қозоғистон ва Ҳиндистоннинг етакчи илмий-таълим марказларида 140 нафардан ортиқ ёш тадқиқотчи ва мутахассиснинг илмий стажировкалари ташкил этилгани таъкидланган.
Муаллифнинг қайд этишича, таълим ва илм-фан соҳасидаги интеграцияни чуқурлаштириш Марказий Осиё учун узоқ муддатли стратегик инвестиция бўлиб, минтақа мамлакатларининг рақобатбардошлиги, технологик салоҳияти ва инсон капиталини юксалтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси