Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

Май 13, 2026. 21:09 • 2 дақ

106
Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 13 май. /“Дунё” АА/. Бугун Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 17-давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, музокараларда Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Ҳиндистон томонига эса ташқи ишлар вазири ўринбосари Сиби Жорж бошчилик қилди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек ўқинг

Томонлар турли йўналишлардаги алоқалар кўлами изчил кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Айниқса, ахборот технологиялари, фармацевтика, тиббиёт, таълим, туризм ва фуқаролик авиацияси тармоқларида юқори натижаларга эришилаётганига тўхталиб ўтилди. Ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш учун мавжуд қулай имкониятлар ҳақида сўз юритилди.

Мулоқот давомида халқаро майдондаги ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, кўп томонлама тузилмалар ва халқаро платформалар доирасидаги алоқаларни янги мазмун билан бойитиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича фикр алмашилди.

Томонлар ўзаро манфаатли инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий шерикликни кенгайтиришдан бирдек манфаатдор эканини тасдиқлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш