Logo

ТИВда АҚШнинг Юта штати делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Апрель 26, 2024. 16:32 • 45 сония

560
ТИВда АҚШнинг Юта штати делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 26 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов АҚШнинг Юта штати Сенати президенти Стюарт Адамс бошчилигидаги делегация билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон ҳудудлари ва Юта штати ўртасидаги ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, жумладан, томонларни қизиқтирган соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Катта тузли кўл (Great Salt Lake) қуриши ва унинг салбий оқибатларига қарши кураш бўйича Юта штати тажрибасини Оролбўйи минтақасида амалий қўллаш масаласида ҳамкорликни йўлга қўйишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Юта штати АҚШнинг ғарбий қисмида жойлашган. Штатнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2023 йилда 272,5 миллиард АҚШ долларини, шу жумладан, аҳоли жон бошига 62,8 минг долларни ташкил этди. Қишлоқ хўжалиги, туризм, тоғ-кон саноати, энергетика, ахборот технологиялари ва молия штат иқтисодиётининг энг муҳим тармоқлари ҳисобланади.

Анвар Илёсов олган сурат ("Дунё" АА)

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш