Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди
Август 19, 2026. 21:00 • 2 дақ
• 92
ТОШКЕНТ, 19 август. /“Дунё” АА/. Бугун ТИВда Ўзбекистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари Бобур Усманов ва Самир Шарифов даражасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, музокаралар давомида томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Бўлажак Олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт, логистика, энергетика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Саноат соҳасида янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш, икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш учун мавжуд салоҳиятдан максимал даражада фойдаланиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, ўзаро манфаатдор бўлган минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси