Россия ва АҚШ Халқаро космик станцияни орбитадан тушириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда

Август 19, 2026. 20:00 • 3 дақ

90
Россия ва АҚШ Халқаро космик станцияни орбитадан тушириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда

МОСКВА–ВАШИНГТОН, 19 август. /“Дунё” АА/. Россия ва АҚШ Халқаро космик станция (ХКС)ни орбитадан тушириш операцияси бўйича музокараларни давом эттирмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Коммерсантъ” нашрига таяниб.

“Роскосмос” раҳбари Дмитрий Бакановнинг сўзларига кўра, томонлар операциянинг қайси босқичи ва қисми учун масъулиятни ўз зиммасига олишини келишмоқда. Унинг таъкидлашича, музокаралар масофавий шаклда ўтказилиб, техник ва ташкилий масалаларни тўлиқ мувофиқлаштириш учун тахминан бир ярим йил вақт қолган.

Мазкур келишувлар ХКСни эксплуатациядан чиқариш бўйича аввалдан белгиланган режалар доирасида амалга оширилмоқда. Хусусан, “Роскосмос” ва “NASA” станциядан фойдаланиш муддатини 2028 йилдан 2030 йилгача узайтиришга келишган.

Режага мувофиқ, ХКС орбитасини пасайтириш жараёни 2028 йилда бошланиб, тахминан икки йил давом этади. Операцияда Россиянинг иккита “Прогресс” юк кемаси ҳамда станцияни бошқариладиган тарзда орбитадан тушириш учун АҚШ томонидан махсус ишлаб чиқилаётган “USDV” аппарати иштирок этади. Жараён якунлангач, станция океаннинг аҳоли яшамайдиган ҳудудига туширилиши режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Халқаро космик станцияни фойдаланишдан чиқарилиши унинг қарийб 32 йиллик фаолиятига якун ясайди. Станция 1998 йил ноябрь ойида ишга туширилган бўлиб, унда Россия, АҚШ, Япония, Канада ва Европанинг қатор давлатлари иштирок этган.

Ушбу лойиҳанинг якунланиши халқаро ҳамкорликдаги янги космик дастурларга ўтиш жараёнини ҳам тезлаштирмоқда. Хусусан, Россия ХКС ўрнида ўзининг миллий орбитал станциясини барпо этишни режалаштирмоқда. Лойиҳанинг биринчи модулини 2028 йилда орбитага чиқариш, станцияни тўлиқ шакллантиришни эса 2032 йилга қадар якунлаш мақсад қилинган. Россия ҳукумати 2024 йилда ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган.

Глобал космик инфратузилмадаги ушбу ўзгаришлар билан бир қаторда, Ўзбекистон ҳам миллий космик салоҳиятини босқичма-босқич кенгайтирмоқда. Яқинда “Ўзбеккосмос” агентлиги иштирокида яратилган “Samarkand-2028” гиперспектрал сунъий йўлдоши орбитага муваффақиятли чиқарилди. Лойиҳа доирасида ўзбекистонлик мутахассислар гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитада қайта ишлаш имконини берувчи сунъий интеллект модулини ишлаб чиқди.

Шунингдек, Ўзбекистон 2028 йилда ўзининг “Мирзо Улуғбек” номли илмий сунъий йўлдошини учиришни ҳам режалаштирмоқда. Ушбу лойиҳа мамлакатнинг космик технологияларни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар имкониятларини кенгайтириш ва сунъий йўлдош маълумотларидан амалий фойдаланиш салоҳиятини оширишга қаратилган дастурининг муҳим қисми ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш