"Asdaa Oman" газетаси: 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда Хитой инвесторлари иштирокида 16 та туризм лойиҳаси амалга оширилди
Сентябрь 06, 2025. 14:18 • 2 дақ
• 56
МАСКАТ, 6 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўмоннинг "Asdaa Oman" газетасида "Ўзбекистон – Хитой: Туризм соҳасига сармоя жалб этиш механизмлари" сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда Хитой инвесторлари иштирокида 519,5 миллион долларлик 16 та туризм лойиҳаси амалга оширилганлиги ва бу инвестициялар инфратузилма, меҳмонхоналар, боғлар ва қўшма турларни яратишга йўналтирилгани маълум қилинган.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги туризм ҳамкорлиги сўнгги йилларда жадал ривожланаётганлиги – туристлар оқими ортиб, инвестициявий шериклик кучаётганлиги билдирилган. Туризм соҳаси икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётганлиги таъкидланган.
"Ўзбекистон Хитойда ўтказилган "CSITE", "GITF" ва "ITE" каби йирик сайёҳлик кўргазмаларида фаол иштирок этди. Шунингдек, Хитойнинг 9 та йирик шаҳрида тарғибот турлари ўтказилиб, "Шинжон–Ўзбекистон" ва "Ипак йўли саргузаштлари" каби қўшма турлар намойиш этилди", – дейилган материалда.
Натижада 40 дан ортиқ ҳамкорлик битимлари имзоланди. 3 июль куни Самарқандда бўлиб ўтган "Ипак йўли туризми" халқаро форумида минтақавий инвестициявий ташаббуслар ва "Арда Хива" маркази, Бухоро ва Самарқанд мероси асосида янги туристик маҳсулотларни яратиш муҳокама қилинди.
"Ўзбекистонга хитойлик сайёҳлар сони ортиши натижасида, "China Eastern", "Air China" ва "China Southern" каби авиакомпаниялар Тошкентга мунтазам авиарейсларни йўлга қўйди. Бу тенденциялар Ўзбекистонни нафақат туристик йўналиш сифатида, балки инвестициялар учун жозибали манзилга айлантирмоқда", – деб ёзилган "Asdaa Oman" газетаси мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси