Logo

"Diplomatic World Sweden": Ўзбекистон Президенти БМТ минбаридан туриб кўп томонлама ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилган глобал ташаббусларни илгари сурди

Сентябрь 24, 2025. 19:58 • 2 дақ

78
"Diplomatic World Sweden": Ўзбекистон Президенти БМТ минбаридан туриб кўп томонлама ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилган глобал ташаббусларни илгари сурди

СТОКГОЛЬМ, 24 сентябрь. /"Дунё" АА/. Швециянинг "Diplomatic World Sweden" журналида "Ўзбекистон Президенти Дональд Трамп билан учрашди ва БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида нутқ сўзлади" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга ташрифи доирасида 23 сентябрь куни америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан учрашгани маълум қилинган.

"Икки давлат раҳбарлари стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишларини муҳокама қилдилар, ҳозирги халқаро вазият юзасидан фикр алмашдилар", – дейилган мақолада.

Таъкидланишича, Президент Дональд Трамп Ўзбекистон етакчисининг Американинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган музокаралари натижаларини олқишлади. Ушбу музокаралар чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим фойдали қазилмалар, молия, инновациялар, кимё, энергетика ва бошқа устувор йўналишларда янги битимлар тузилди.

"Президентлар даражасидаги алоқалар икки давлат, хусусан, иқтисодий соҳада яқинлашувга ёрдам бермоқда. Учрашув олдидан АҚШ етакчиси Дональд Трамп ўзбекистонлик ҳамкасбини мақтаб, жаноб Мирзиёевни "сўзининг устидан чиққан одам" деб таърифлади. Ўз навбатида Президент Шавкат Мирзиёев уни Ўзбекистонга ташриф билан боришга таклиф қилди", – дейилган манбада.

Швеция ОАВ, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясининг ялпи мажлисида нутқ сўзлаганини ҳақида ёзди. У халқаро ҳамжамиятни глобал ташкилотни янгилашга ва кучайиб бораётган глобал инқирозларни енгиш учун жамоавий ечимлар ишлаб чиқишга чақирди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида мамлакатнинг барқарор ва иқтисодий ривожланишидаги асосий устувор йўналишларини белгилаб берди. У БМТ минбаридан туриб иқлим, "яшил" энергия, рақамли трансформация, транспорт алоқаси ва сув ресурслари соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилган қатор янги ташаббусларни ҳам илгари сурди.

"Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, унинг мамлакати келаси йили Жаҳон сув форумига мезбонлик қилишини ҳам маълум қилди", – деб ёзган "Diplomatic World Sweden".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш