"Eurasia Magazine" журнали: Ўзбекистон ТДТ давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтиришда муҳим роль ўйнамоқда
Май 15, 2025. 09:40 • 3 дақ
• 60
БУДАПЕШТ, 15 май. /"Дунё" АА/. Венгриянинг "Eurasia Magazine" журналида "Венгриядаги ТДТ саммити: минтақавий интеграция ва глобал тенденциялар контекстида янги имкониятлар ва истиқболлар" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) навбатдаги норасмий саммити жорий йилда Венгрияда бўлиб ўтиши таъкидланган. Ушбу тадбир нафақат ташкилотга аъзо давлатлар, балки тузилманинг жаҳон миқёсидаги таъсири кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда.
Қайд этилишича, ТДТга аъзо давлатлар ташкилот доирасидаги ҳамкорлик форматини кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири деб ҳисоблайди. Сўнгги йилларда ТДТ иштирокчилари ўртасидаги мулоқот ривожланиш учун жадал суръат олди, буни институционал мустаҳкамлаш, ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиши исботлайди.
"Бугунги кунга қадар ТДТ доирасида 35 та асосий йўналишда – савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит алоқаларидан тортиб космик тадқиқотларгача бўлган ҳамкорлик йўлга қўйилган", – дейилган мақолада.
Венгрия босма нашри ёзганидек, юқори иқтисодий салоҳиятга эга мамлакатларни бирлаштирган мазкур тузилма иқтисодий интеграция ва диверсификацияни кучайтириш имкониятини беради.
Туркий давлатлар ташқи савдони ривожлантириш ва сармояларни жалб қилиш учун ТДТ платформасидан фойдаланиш, ўзаро савдони кенгайтиришдан манфаатдор.
Маълум қилинганидек, ТДТ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилдаги 30,9 миллиард доллардан 2024 йилда 45 миллиард долларга етди. Охирги тўрт йилда ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 20 фоизга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса 22 фоизга ошди.
ТДТ мамлакатлари турли транспорт йўналишларининг стратегик муҳим чорраҳаларида жойлашган бўлиб, бу уларни минтақалараро транспорт ва логистика тармоқларининг марказий иштирокчиларига айлантиради.
Нашрда Ўзбекистон ТДТнинг тўлақонли аъзосига айлангани билан туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтиришда муҳим роль ўйнаётгани қайд этилган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ТДТнинг барча аъзолари билан, хусусан Туркманистон ва Венгрия билан стратегик муносабатлар, Туркия ва Қирғизистон билан ҳар томонлама стратегик шериклик, шунингдек, Қозоғистон ва Озарбайжон билан иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарди.
Шубҳасиз, мазкур тузилманинг ўзгариши ва кун тартибининг бойитилиши кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг туркий давлатлар билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги фаол позицияси ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташкилот доирасидаги амалий ташаббуслари туфайли бўлди. Хусусан, Тошкент томонидан Ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 80 га яқин аниқ таклифлар илгари сурилди.
"2022 йил 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган ТДТ саммити ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Самарқанд саммитининг муҳим воқеаси туркий мамлакатларнинг "Туркий дунё нигоҳи – 2040" концепциясини амалга ошириш бўйича биринчи "йўл харитаси" бўлган "2022-2026 йилларга мўлжалланган ТДТ стратегияси"нинг қабул қилиниши бўлди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан туркий халқларнинг бирлиги ва жипслиги, буюк ўтмиши, бой маданияти ва асл қадриятларини ўзида акс эттирувчи Туркий дунё хартияси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди", – дейилган манбада.
Ўзбекистон Президентининг ТДТ доирасида кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари умумий муаммоларни ҳал этиш ва туркий дунё имкониятларидан фойдаланишга узоқни кўзлаб ёндашишни кўрсатади.
Мақолада ТДТда кузатувчи мақомига эга бўлган Венгрия мазкур тузилма фаолиятида фаол иштирок этишда давом этаётгани, бу эса турли истиқболли соҳаларда туркий давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконини бериши урғуланган.
"Eurasia Magazine" журналида босилган мақолада, шунингдек, Ўзбекистон ва Венгрия муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди