"Finančné Noviny" нашри: 2017-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми 2,4 баробар ошди
Октябрь 26, 2025. 12:06 • 2 дақ
• 31
ЛЮБЛЯНА, 26 октябрь. /"Дунё" АА/.Словакиянинг "Finančné Noviny" (Молиявий газета) нашрида Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг "Ўзбекистон ва Бельгия: Европа Иттифоқи билан стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи сари" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Муаллиф ёзганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳозирги геосиёсий кескинликлар ва глобал иқтисодий ноаниқлик шароитида барқарорликнинг асосий таянчи бўлмиш Европа билан ҳамкорликнинг янги тизимини фаол равишда шакллантирмоқда. Ўзбекистон билан Европа давлатлари ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб, ҳамкорлик йўналишлари кенгаймоқда, бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланмоқда.
Нашрда Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Европа Иттифоқи билан муносабатлари жадал ривожланаётгани таъкидланган. Маълум қилинишича, 1992 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Комиссияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, 1994 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Ҳамкорлик пойдевори 1996 йил июнь ойида имзоланган ва 1999 йилда кучга кирган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим билан қўйилган.
"Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан вазият тубдан ўзгарди. Еврокомиссиянинг халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича бош директори Стефано Мансервиси 2017 йилдаёқ Тошкентга ташрифи чоғида "ЕИ Ўзбекистонни стратегик ҳамкор деб билишини" таъкидлаган эди", – дейилган нашрда.
Қайд этилганидек, ислоҳотлар ривожи билан Европа билан муносабатларнинг ҳуқуқий ва институционал асослари жадал кенгайди. Илгари Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи PCA доирасида бир-бирига энг қулай давлат режимини тақдим этган бўлса, 2021 йил апрел ойида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга GSP+ бенефициар мақомини берди ва 2022 йилда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) парафланди.
Ўзбекистон ва Европа бизнес вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятлари кенгайди. 2017-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми 2,4 баробар ошиб, 6,4 миллиард долларни, экспорт 3,6 баробар ўсиб, 1,7 миллиард долларни, импорт эса 2,2 баробар ўсиб, 4,7 миллиард долларни ташкил этди. 2024 йилда Ўзбекистон умумий савдо айланмасида ЕИ улуши 9,7 фоиз, экспортда 6,3 фоиз, импортда 12 фоизга етди.
"Finančné Noviny"да эълон қилинган мақола якунида ёзилганидек, "Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва Бельгия билан иқтисодий ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш объектив ўзаро манфаатли жараён ҳисоблади".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди