Logo

"Hadeel magazine": Ўзбекистон – илм-фан ва меъморчилик, маънавият ва тафаккур уйғунлиги тимсоли

Октябрь 08, 2025. 09:15 • 2 дақ

46
"Hadeel magazine": Ўзбекистон – илм-фан ва меъморчилик, маънавият ва тафаккур уйғунлиги тимсоли

ДОҲА, 8 октябрь. /"Дунё" АА/. "Hadeel magazine" нашрида Қатар давлат вазири, Қатар миллий кутубхонаси раиси доктор Ҳамад Ал-Куварийнинг "Бухоро ва Самарқанд йўлларида: цивилизация марказига саёҳат" сарлавҳаси мақола чоп этилди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Муаллиф ўз мақоласида Мовароуннаҳр тарихи, буюк алломаларимиз ва уларнинг бой мероси ва Доҳада Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ўтказилган расмий қабул тафсилотлари ҳақида сўз юритилган.

"Мовароуннаҳр диёри – Ислом цивилизацияси тараққиётида беқиёс аҳамият касб этган замин ҳисобланади. Бу юртдан Ислом маънавий мероси ва илм-фанига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққан. Бухоро – "Ал-жомеъ Ас-саҳиҳ" асари муаллифи Имом ал-Бухорийнинг ватани, Самарқанд – Улуғбек расадхонаси бино қилинган ва астрономия илми маркази бўлган азим шаҳар, Термиз – "Аш-шамоил Ал-муҳаммадия" асари муаллифи Имом ат-Термизий юрти, Хоразм – алгебра илмининг асосчиси ал-Хоразмий ҳамда астрономия ва математиканинг буюк олими ал-Беруний етишиб чиққан замин сифатида жаҳон илм-фанига улкан ҳисса қўшган", – деб ёзган у.

Мақолада таъкидланганидек, собиқ иттифоқ даврида мазкур диёр цивилизацион қадрияти ва аҳамиятини йўқотиш ва исломий ҳамда жаҳон меросидан ажратиш сиёсатига дуч келди.

"Доҳада Ўзбекистон Мустақиллик кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Мен Ўзбекистон элчихонаси таклифига биноан қабул маросимида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Тадбир давомида ушбу мамлакат элчиси билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлдим. Элчи мени Ўзбекистонга сафар қилишга ундади. Ўзбекистоннинг шонли тарихи ва қадимий шаҳарлари ҳақидаги билимларим мени ушбу юртга сафар қилишга ундамоқда", – дея қайд этган Ҳамад Ал-Куварий.

Тошкентга тўғридан-тўғри парвоз бор-йўғи уч ярим соат эканлигини инобатга олсак, хотирамизда узоқдек туюлган, лекин биз учун қадрдон мазкур диёрлар аслида географик жиҳатдан бизга яқин экан, дея маълум қилган муаллиф.

"Мен Ўзбекистонга сафаримни интизорлик билан кутаяпман. Бу сафар шунчаки бир йўл эмас, балки Ислом цивилизацияси тарихига оид саҳифаларни қайта варақлашдир. Ўзбекистон – илм-фан ва меъморчилик, маънавият ва тафаккур, Шарқ ва Ғарбнинг Ипак йўлидаги уйғунлиги тимсолидир, – деб ёзган ўз хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш