Logo

"Hello Magyar": Венгрия ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорликни йўлга қўйди

Июль 01, 2025. 09:33 • 2 дақ

33
"Hello Magyar": Венгрия ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорликни йўлга қўйди

БУДАПЕШТ, 1 июль. /"Дунё" АА/. "Hello Magyar" онлайн нашрида "Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари учун намуна бўлмоқда" сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик изчил тарзда ривож топмоқда. Мақола муаллифининг ёзишича, бир-биридан узоқда жойлашган бу икки давлат бугунги кунда ўзаро устувор стратегик ҳамкорларга айланган ҳамда бу борада Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари учун намуна бўлмоқда.

У, шунингдек, "Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришда, шубҳасиз, давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси муҳим роль ўйнайди. Бош вазир Виктор Орбаннинг 2021 йилда Ўзбекистонга, Президент Шавкат Мирзиёевнинг эса 2022 йилда Венгрияга буюрган ташрифи икки томонлама муносабатларда мутлақо янги босқични бошлаб берди", – деб таъкидлаган.

"Hello Magyar"да жойлаштирилган материалда икки давлат ўртасидаги муносабатлар Кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларациянинг имзоланиши билан янги босқичга кўтарилгани урғуланган. Қайд этилишича, Венгрия Ўзбекистон билан муносабатларда бундай мақомга эришган биринчи Европа Иттифоқига аъзо давлатга айланди.

 Шунингдек, нашрда Ўзбекистонда Венгрия капитали иштирокидаги 17 та корхона фаолият кўрсатаётгани, улардан 10 таси қўшма ва 7 таси эса 100 фоиз венгер томони инвестиция кўмагида ташкил этилгани ҳақидаги аниқ маълумотлар ўқувчилар эътиборига тақдим этилган.

Мақола хулосасида "Венгрия ва Ўзбекистон барча соҳаларда ўзаро манфаат келтирувчи стратегик ҳамкорликни йўлга қўйди. Географик масофани енгиб ўтиш осон эмас, аммо умумий ирода дунёга ҳамма нарса мумкинлигини кўрсатди. Албатта, ҳали кўплаб тўсиқлар мавжуд, аммо ҳар икки томон муносабатларни янада чуқурлаштиришга интилмоқда ва бу стратегик ҳамкорликнинг устунлари жуда мустаҳкам эканлигини кўрсатади", – дея урғуланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш