Logo

"Lookwe" журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди

Май 24, 2025. 11:45 • 2 дақ

74
"Lookwe" журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди

ПЕКИН, 24 май. /"Дунё" АА/. Хитойнинг оммабоп "Lookwe" журналининг Ўзбекистондаги замонавий тараққиётга бағишланган махсус сони чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу махсус сон саҳифаларидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўли қурилиши лойиҳасининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига йўллаган мурожаатининг тўлиқ матни босилган.

Шунингдек, журналнинг мазкур сонида Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, сармоявий, сайёҳлик ва бошқа қатор соҳаларда изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда улар бераётган салмоқли натижалар, эътиборга молик ўзгаришлар ҳақидаги хабар-мақолалар инглиз ва хитой тилларида ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Уларда 2025 йилни Ўзбекистонда "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" деб эълон қилинганлиги, Ўзбекистон ва Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериклиги ва "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасидаги икки мамлакат ҳамкорлиги, шунингдек, "Ўзбекистон-2030" Стратегияси, мамлакатимизнинг бой сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти, давлатимизнинг олий таълим ва ёшларга оид сиёсати ҳамда бошқа қатор долзарб мавзулар қамраб олинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда Наврўз байрамининг нишонланиши, ўзбек миллий таомлари ҳамда хорижий сайёҳлар учун юртимиздаги Чодак, Сангардак, Омонхона каби янги туризм масканларининг тақдим этилаётгани ҳақидаги ахборот материаллари ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

"Lookwe" журнали Хитойнинг вазирлик ва идоралари, Пекинда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатия ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, мамлакатнинг йирик компаниялари, таҳлилий марказлари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида тарқатилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш