Logo

"News Central Asia" АА: Европа давлатлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватланмоқда

Октябрь 17, 2025. 10:29 • 3 дақ

91
"News Central Asia" АА: Европа давлатлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватланмоқда

АШХОБОД, 17 октябрь. /"Дунё" АА/. Туркманистоннинг "News Central Asia" ахборот агентлиги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва Бельгия билан ҳамкорлигига бағишланган мақоласини эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳозирги геосиёсий кескинликлар ва глобал иқтисодий ноаниқлик шароитида барқарорликнинг асосий таянчи бўлмиш Европа билан ҳамкорликнинг янги тизимини фаол равишда шакллантирмоқда, – деб ёзган муаллиф. – Ўзбекистон билан Европа давлатлари ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб, ҳамкорлик йўналишлари кенгаймоқда, бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланмоқда".

 Таъкидланганидек, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Европа Иттифоқи билан муносабатлари жадал ривожланди. 1992 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Комиссияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, 1994 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Ҳамкорлик пойдевори 1996 йил июнь ойида имзоланган ва 1999 йилда кучга кирган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим билан қўйилган.

"Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан вазият тубдан ўзгарди. Еврокомиссиянинг халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича бош директори Стефано Мансервиси 2017 йилдаёқ Тошкентга ташрифи чоғида "ЕИ Ўзбекистонни стратегик ҳамкор деб билишини" таъкидлаган эди", – дейилган нашрда.

Ўзбекистонда бошланган кенг кўламли демократик ва иқтисодий ислоҳотлар узоқ вақтдан бери ҳал этилмаган кўплаб масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш имконини берди. Мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди, пахтачилик соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатга пахта хомашёсини экспорт қилишдан бутунлай воз кечиш имконини берди.

Қайд этилганидек, ислоҳотлар ривожи билан Европа билан муносабатларнинг ҳуқуқий ва институционал асослари жадал кенгайди. Илгари Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи PCA доирасида бир-бирига энг қулай давлат режимини тақдим этган бўлса, 2021 йил апрел ойида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга GSP+  бенефициар мақомини берди ва 2022 йилда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) парафланди.

Ўзбекистоннинг ички ўзгаришлари билан бирга ташқи сиёсат архитектураси ҳам ўзгарди. Марказий Осиёнинг қўшни давлатлари билан яқин ҳамкорликка, шунингдек, сўнгги йилларда барқарор мустаҳкамланиб бораётган Европа давлатлари билан алоқаларни фаол кенгайтиришга устувор аҳамият берилди.

Муаллиф ёзганидек, Ўзбекистонда амалга оширилган чуқур демократик ўзгаришлар Европа давлатлари билан муносабатларни сезиларли даражада яхшилади. Иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширди, инвесторлар ишончини рағбатлантирди ва Европа бизнес вакилларининг қизиқишини оширди.

"Ўзбекистон ва Европа бизнес вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятлари кенгайди. 2017-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми 2,4 баробар ошиб, 6,4 миллиард долларни ташкил этди; экспорт 3,6 баробар ўсиб, 1,7 миллиард долларни, импорт эса 2,2 баробар ўсиб, 4,7 миллиард долларни ташкил этди. 2024 йилда Ўзбекистон умумий савдо айланмасида ЕИ улуши 9,7 фоиз, экспортда 6,3 фоиз, импортда 12 фоизга етди. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг савдо шериклари орасида Хитой ва Россиядан кейин учинчи ўринни эгаллади", – дея қайд этилган манбада.

Мақола якунида таъкидланганидек, "Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва Бельгия билан иқтисодий ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш объектив ўзаро манфаатли жараён ҳисоблади".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш