Logo

"Q8 Press": Оролбўйи муаммосининг БМТ минбарида кўтарилиши глобал ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилди

Октябрь 14, 2025. 09:49 • 2 дақ

29
"Q8 Press": Оролбўйи муаммосининг БМТ минбарида кўтарилиши глобал ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилди

АЛ-КУВАЙТ, 14 октябрь. /"Дунё"/ АА. Кувайтнинг "Q8 Press" электрон порталида "Орол денгизи минтақасини Иқлим технологиялари глобал марказига айлантириш" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Унда Ўзбекистон Президентининг жорий йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида иштироки нафақат мамлакат, балки бутун минтақа учун юксак сиёсий ва тарихий аҳамиятга эга эканлиги таькидланган. Дунё давлатлари раҳбарлари иштирок этган ушбу нуфузли минбарда Ўзбекистон томонидан барқарор ривожланиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш каби долзарб масалалар қайд этилди.

"Орол денгизи ҳудудида "яшил" энергия, сув тежамкор технологиялар, биологик хилма-хилликни тиклаш ва иқлим ўзгаришига мослашув соҳасидаги илғор тажрибаларни татбиқ этиш орқали Оролбўйини "глобал лаборатория"га айлантириш мақсад қилингани маълум қилинди", – дейилган манбада.

Нашрда ёзилганидек, ўтган давр мобайнида илмий тадқиқотлар олиб бориш ва лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, шунингдек илмий-тадқиқот институтлари билан самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйилди. Жумладан, 70 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисида келишув ва меморандумлар имзоланиб, умумий қиймати 23,9 миллиард сўмлик 20 та илмий-амалий ва инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар муқобил яшил энергия, аквакультура, интенсив боғдорчилик, доривор ўсимликлар етиштириш, ресурс тежамкор технологиялар ва ижтимоий дастурларни ўз ичига қамраб олган.

 "Оролбўйини глобал иқлим технологиялари майдонига айлантириш ташаббуси нафақат минтақавий, балки жаҳон миқёсида ҳам стратегик аҳамият касб этади. Унинг асосий моҳияти – экологик барқарорликни таъминлаш, сув ресурсларини тежаш, чўлланиш жараёнларини камайтириш ва биологик хилма-хилликни тиклашдир", – дея урғуланган мақолада.

"Q8 Press" мақоласида ёзилганидек, Оролбўйи масаласининг БМТ каби нуфузли минбарда кўтарилиши глобал ҳамкорликни кучайтириш, халқаро донорлар ва ташкилотларнинг эътиборини янада жалб қилиш учун муҳим сиёсий ва амалий пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш