Logo

"Ведомости": Бухоро Марказий Осиё ва дунёнинг маданий марказига айланди

Октябрь 24, 2025. 17:59 • 2 дақ

30
"Ведомости": Бухоро Марказий Осиё ва дунёнинг маданий марказига айланди

МОСКВА, 24 октябрь. /"Дунё" АА/. Россиянинг "Ведомости" газетасида Бухорода давом этаётган халқаро замонавий санъат биенналесига  бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу мақолада саёҳатчи блогер, ёзувчи ва "Менинг Ўзбекистоним" китоби муаллифи Дарья Сиротина Бухоро ҳақиқатан ҳам замонавий санъат марказига айланганми ёки йўқми ва Ўзбекистон замонавий санъат лойиҳалари орқали бой меросини қандай намойиш этаётгани ҳақида ёзган.

"Бухоро биенналеси асосий тамойили – бу ҳамкорлик. Кўргазмада намойиш этилган барча асарлар ҳамкорликда яратилган: британиялик ҳайкалтарош Энтони Гормли каби халқаро иштирокчилар ўзбек усталари ва ёш рассомлари билан биргаликда ишлаган. Бундай ёндашув лойиҳа куратори Диана Кэмпбелл томонидан танланган", – деб ёзган муаллиф.

Мақолада Бухоро Ипак йўлининг дурдонаси, илм-фан ва санъат бешиги ва миллионлаб одамлар учун муқаддас қадамжа сифатида эътироф этилган. Биеннале мавзусининг асосини айнан анашу тарихий ўзига хослик – санъат, ҳунармандчилик, фан, гастрономия ва маънавият уйғунлиги ташкил этади.

"Стратегик мақсад улкан. Бухорони ўзининг гуллаб-яшнаган давридаги халқаро маданий марказ мақомига қайтариш ва Ўзбекистонни Шарқ билан Ғарб учрашадиган ва мулоқот қиладиган манзил сифатида тақдим этиш", – дейилган нашрда.

Муаллиф, шунингдек, Бухоро биенналеси шаҳарнинг янги қирраларини очганини таъкидлайди. Асосий жойлар қаторига кўп йиллардан бери биринчи марта жамоатчилик учун очилган меъморий ёдгорликлар киради. Ижодий директор, ливанлик меъмор Ваел Ал Авар реставрация ўрнига жонлантиришни танлади: унинг жамоаси эски деворларга янги ҳаёт бағишлади, қадимий масжидлар ва мадрасаларни замонавий маданий контекстга бирлаштирди.

"Умуман олганда, Бухоро биенналеси бу йил Бухорони Марказий Осиё ва дунёнинг маданий марказига айлантирди", – деб ёзган Дарья Сиротина.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш