Logo

"Daily News Hungary": Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга ташрифи икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликка туртки берди

Июль 16, 2025. 18:45 • 2 дақ

64
"Daily News Hungary": Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга ташрифи икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликка туртки берди

БУДАПЕШТ, 16 июль. /"Дунё" АА/. Венгриянинг "Daily News Hungary" онлайн нашрида давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг "Ўзбекистон ташаббуслари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни фаоллаштирмоқда" сарлавҳали мақоласини эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада 2-4 июль кунлари бўлиб ўтган давлат ташрифи доирасида Олий Давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтгани Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг юксак даражадаги ишончи ва стратегик хусусиятидан далолат бериши таъкидланади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти 4 июль куни Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитида иштирок этиб, мураккаб геосиёсий вазият шароитида мазкур тузилмани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Мақолада Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги саккиз йил ичида ҳайратланарли даражада ўсгани, бу кўрсаткич 7,8 баробар ошиб, 2024 йилда 253 миллион долларга етгани маълум қилинган.

"Саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва фармацевтика каби соҳаларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сармоявий ҳамкорлик ривожига таъсир кўрсатмоқда. Озарбайжондан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 2017 йилдаги 142 минг доллардан 2024 йилда 79,5 миллион долларга кўтарилди. Икки томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлашнинг муҳим воситаси устав капитали 500 миллион доллар бўлган Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция компаниясидир",– деб ёзади "Daily News Hungary".

Венгрия электрон нашри Ўзбекистон ва Озарбайжон транспорт алоқасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани ҳақида хабар қилган. Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Озарбайжон орқали юк ташиш ҳажми тўрт йил ичида беш баравар ошиб, 2024 йилда 1 миллион тоннага етди. Шунингдек, Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш