"El Mundo Financiero": Сангардак, Омонхона ва Чодак шунчаки харитадаги нуқталар эмас – бу яна ва яна қайтиб келгингиз келадиган масканлардир
Май 13, 2025. 16:28 • 2 дақ
• 48
МАДРИД, 13 май. /"Дунё" АА/. Испаниянинг "El Mundo Financiero" электрон нашрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Муаллиф мазкур мақоласида Ўзбекистоннинг сайёҳлар учун очилмаган ўзига хос қирралари ҳақида сўз юритган. Хусусан, Сурхандарё вилоятининг гўзал табиати, бетакрор шаршаралари, тоза ҳавоси ва меҳмондўст халқи ҳақидаги илиқ таассуротларни қаламга олган.
Нашрда Сурхондарё вилоятининг Сангардак, Омонхона ва Чодак каби муҳим сайёҳлик манзиллари ҳақидаги маълумотларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу жойларнинг фусункор табиати, урф-одатлари, шифобахш сувлари ва туристик салоҳияти ҳар қандай сайёҳни мафтун этиши урғуланган.
Таъкидланишича, Сурхондарё вилоятидаги Сангардак шаршараси ҳамон туристик маршрутлар соясида қолаётган табиат мўжизасидир. Бу яширин марварид табиат билан ёлғизликни қидирадиган ва ҳақиқий саргузаштларни хушкўрадиганларни ўзига оҳанграбодек тортади. Шаршара тоғ қоясидан отилиб тушади, унинг суви ёз фаслларида кўпаяди, куздан бошлаб камая бошлайди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, унинг зилол суви тоғлардаги музликларнинг эришидан оқиб келади.
"Сурхандарё вилоятининг гўзал тоғлари қўйнида ажойиб маскан- Омонхона жойлашган. Бу шунчаки қишлоқ эмас, балки табиат, тарих ва инсон руҳининг ноёб уйғунлигидир. Омонхона – сеҳрли гўзаллик, шифобахш булоқлар, қадимий анъаналар ва самимий меҳмондўстлик тимсолидир. Омонхона Ўзбекистоннинг сайёҳлик харитасидан ҳақли равишда мажбурий ташриф буюриладиган жой сифатида ўрин олишга лойиқдир" , – деб ёзади муаллиф.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистондаги Чодак 4000 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган абадий қишлоқ, бой маданий меросини ҳайратланарли табиат гўзаллиги билан уйғунлаштирган маскан сифатида таърифланади. Ҳудуд ўз урф-одатлари, қишлоқ ҳаёти, анъанавий боғдорчилик ва деҳқончилик усулларини сақлаб қолгани қайд этилади.
Мақола "Сангардак, Омонхона ва Чодак шунчаки харитадаги нуқталар эмас – бу яна ва яна қайтиб келгингиз келадиган маскан. Улар бизга энг муҳими оддийликдаги гўзаллик, табиат кучи ва мамлакат руҳи энг самимий жойларда кашф этилишини эслатиб туради", – деган сўзлар билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди