Logo

Бельгия ОАВ: Ўзбекистонда амалга оширилган чуқур демократик ўзгаришлар Европа давлатлари билан муносабатларни сезиларли даражада яхшилади

Октябрь 19, 2025. 10:08 • 2 дақ

86
Бельгия ОАВ: Ўзбекистонда амалга оширилган чуқур демократик ўзгаришлар Европа давлатлари билан муносабатларни сезиларли даражада яхшилади

БРЮССЕЛЬ, 19 октябрь. /"Дунё" АА/. Бельгиянинг оммабоп "Eureflect.com" электрон нашрида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг "Ўзбекистон ва Бельгия: Европа Иттифоқи билан стратегик шерикликнинг янги босқичи сари" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қиломоқда "Дунё" АА мухбири.

Муаллиф ёзганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳозирги геосиёсий кескинликлар ва глобал иқтисодий ноаниқлик шароитида барқарорликнинг асосий таянчи бўлмиш Европа билан ҳамкорликнинг янги тизимини фаол равишда шакллантирмоқда. Ўзбекистон билан Европа давлатлари ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб, ҳамкорлик йўналишлари кенгаймоқда, бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланмоқда.

"Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Европа Иттифоқи билан муносабатлари жадал ривожланди. 1992 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Комиссияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, 1994 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Ҳамкорлик пойдевори 1996 йил июнь ойида имзоланган ва 1999 йилда кучга кирган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим билан қўйилган. Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан вазият тубдан ўзгарди. Еврокомиссиянинг халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича бош директори Стефано Мансервиси 2017 йилдаёқ Тошкентга ташрифи чоғида "ЕИ Ўзбекистонни стратегик ҳамкор деб билишини" таъкидлаган эди", – дейилган нашрда.

Қайд этилганидек, ислоҳотлар ривожи билан Европа билан муносабатларнинг ҳуқуқий ва институционал асослари жадал кенгайди. Илгари Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи PCA доирасида бир-бирига энг қулай давлат режимини тақдим этган бўлса, 2021 йил апрел ойида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга GSP+  бенефициар мақомини берди ва 2022 йилда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) парафиланди.

Муаллиф таъкидига кўра, Ўзбекистоннинг ички ўзгаришлари билан бирга ташқи сиёсат архитектураси ҳам ўзгарди. Марказий Осиёнинг қўшни давлатлари билан яқин ҳамкорликка, шунингдек, сўнгги йилларда барқарор мустаҳкамланиб бораётган Европа давлатлари билан алоқаларни фаол кенгайтиришга устувор аҳамият берилди.

"Ўзбекистонда амалга оширилган чуқур демократик ўзгаришлар Европа давлатлари билан муносабатларни сезиларли даражада яхшилади. Иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширди, инвесторлар ишончини рағбатлантирди ва Европа бизнес вакилларининг қизиқишини оширди", – дейилган материалда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш