Logo

Мисрнинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон-Финляндия ҳамкорлиги тўғрисида ёзмоқда

Октябрь 26, 2025. 11:26 • 2 дақ

33
Мисрнинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон-Финляндия ҳамкорлиги тўғрисида ёзмоқда

ҚОҲИРА, 26 октябрь. /«Дунё» АА/. Мисрнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги экология ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Хусусан, «Ал-Дипломаси» ахборот агентлиги ўз ўқувчиларига Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги иқтисодий, технологик, таълим ва атроф-муҳит соҳаларидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ва уларга бағишланган мақолани тақдим этди.

Унда Финляндия технологик етакчилик, самарали бошқарув ва илғор ижтимоий сиёсатни бирлаштиргани таъкидланган. Шу билан бирга, Ўзбекистон сўнгги саккиз йил ичида Марказий Осиёда ислоҳотларнинг тезлаштирувчиси сифатида фаолият юритди. Норматив ўзгаришлар хусусий капитал учун майдонни кенгайтирди, транспорт ва энергетика лойиҳалари эса саноатлаштириш ва экспорт учун янги пойдевор яратди.

«Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги ҳамкорлик яқин келажакда барқарор йўналишга ўтиши мумкин. Финляндия учун Ўзбекистон маҳсулотлар ва бутловчи қисмларнинг ишончли етказиб берувчиси ва технологиялар ва ускуналар учун янги бозор ҳисобланади. Ўзбекистон учун эса ҳамкорликни чуқурлаштириш Шимолий Европада замонавий ечимлар ва тарқатиш каналларига киришни англатади», – дейилган нашрда

Мисрнинг «Сада ал-Балад» ахборот агентлиги «Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида экология ҳамда барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари» сарлавҳали мақолани эълон қилди.

Унда Ўзбекистон ва Финляндия экология, барқарор атроф-муҳитни бошқариш ва иқлим ўзгаришини юмшатиш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта салоҳиятга эга эканлиги таъкидланган. Икки мамлакатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентликлари вакиллари халқаро ташкилотлар ва ривожланиш банклари кўмагида ташкил этилган халқаро конференциялар, форумлар ва лойиҳалар орқали фаол ҳамкорлик қилмоқда.

«Амалий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги, Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги ва Финляндия Метеорология институтининг қўшма лойиҳасидир. 2 миллион долларлик лойиҳа Ўзбекистон гидрометеорология хизматининг салоҳиятини ошириш, мутахассисларни об-ҳаво шароитлари ва табиий офатларни башорат қилишнинг замонавий усуллари бўйича ўқитиш ҳамда иқлим хизматлари тизимини ва иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини ишлаб чиқишга қаратилган», – деб ёзилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш