Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик Яман оммавий ахборот воситалари диққат-марказида
Октябрь 26, 2025. 15:26 • 2 дақ
• 31
САНО, 26 октябрь. /"Дунё" АА/. Яманнинг "Hadramawt" электрон нашрида "Туризм Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўприк сифатида" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Сўнгги йилларда туризм Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий стратегиясида устувор йўналишга айланди. Ушбу сиёсат доирасида мамлакат Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни фаол ривожлантириб, туризм соҳасини иқтисодий ўсиш, маданий алмашинув ва халқаро имижини мустаҳкамлашнинг кучли воситасига айлантирмоқда", – деб ёзган муаллиф.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қўшма инфратузилма ва рақамли лойиҳалардан тортиб, туризмни глобал миқёсда тарғиб қилишгача бўлган кенг кўламли ташаббусларни қамраб олади. 2025 йил апрель ойида Самарқандда биринчи "Марказий Осиё – ЕИ" саммитининг ўтказилиши муҳим босқич бўлди. Саммитда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда стратегик шериклик тўғрисидаги декларация қабул қилинди.
"Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё сайёҳлик йўналишларини ЕИ стандартларига мувофиқ бирлаштиришга қаратилган "Бир тур - бутун минтақа" ташаббусини тақдим этди. Мақсад виза тартибларини соддалаштириш, маданий алмашинувларни рағбатлантириш ва минтақа ичидаги саёҳатларни европалик сайёҳлар учун янада қулай ва жозибадор қилишдир", – дейилган нашрда.
Таъкидланишича, маданий ҳамкорлик ушбу шерикликнинг асосий элементига айланди. Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги маданий мулоқотни рамзий маънода ифодаловчи "Лазги" балетининг кенг кўламли саҳналаштирилиши муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистон шунингдек, илмий ва таълим салоҳиятини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган, туризм хизматлари сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган "Horizon Europe" каби халқаро дастурларда иштирок этади.
Иқтисодий таъсир аллақачон сезиларли. 2025 йилга келиб 11 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳларни қабул қилиш режалаштирилган, саноат даромади эса 4 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда. Ушбу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон ўз инфратузилмасини фаол равишда модернизация қилмоқда ва туризм соҳасида рақамли ечимларни жорий этмоқда. Бунга мисол қилиб Марказий Осиё ва Европа университетлари ўртасида юқори тезликдаги алоқаларни таъминлаган, туризм соҳасида тажриба ва инновациялар алмашинувини осонлаштирган CAREN дастурини келтириш мумкин.
"Hadramawt"да эълон қилинган мақола охирида "Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик шунчаки тажриба алмашишдан кўпроқ нарсани англатади. Бу аниқ иқтисодий, маданий ва ижтимоий фойда келтирадиган стратегик иттифоқдир. Ушбу ҳамкорлик минтақа учун янги имкониятлар очади, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди ва Марказий Осиёни дунё учун янада очиқ ва жозибадор қилади", – деб ёзилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди