Logo

Озарбайжондан муносабат: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш самарали келажакни ваъда қилмоқда

Октябрь 05, 2025. 10:17 • 2 дақ

92
Озарбайжондан муносабат: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш самарали келажакни ваъда қилмоқда

БОКУ, 5 октябрь. /«Дунё» АА/. Озарбайжонлик сиёсатшунос ва «ҳафта.аз» нашри мухбири Вусал Тагибайли «Дунё» АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқи ҳақидаги фикрларини билдирди.

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка ташрифини бошиданоқ ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан самарали деб таърифлаш мумкин. Ўзбекистон унинг бир қисми бўлган Марказий Осиё глобал геосиёсий жараёнларнинг марказида турган бир пайтда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қудратли АҚШ билан муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги қадамлари Ўзбекистон давлати ва халқи хавфсизлигини мустаҳкамлашга бевосита хизмат қилмоқда.

Марказий Осиёнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш учун Президент Шавкат Мирзиёев амалга ошираётганидек, кўп қиррали сиёсат юритиш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон етакчиси қўшни Хитой ва Россия билан кенг иқтисодий ва сиёсий алоқаларни сақлаб, туркий бирдамликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш баробарида Европа ва, албатта, олис Америка Қўшма Штатлари билан ҳам ҳамкорликни кенгайтириш орқали ўзбек халқи келажагига сармоя киритмоқда.

Умуман, Президент Шавкат Мирзиёев фақат битта бозорга боғланиб қолмаслик муҳимлигини аниқ тушуниб, тегишли чоралар кўрмоқда. Шу маънода Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг мустаҳкамланиши самарали келажакни ваъда қилмоқда.

Нью-Йоркда Американинг етакчи компаниялари билан кўплаб учрашувлар бўлиб ўтди, натижада фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, молия ва инновациялар, кимё, энергетика ва бошқа устувор соҳаларда умумий қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар ва истиқболли лойиҳалар портфели яратилди. Яъни, икки давлат ўртасидаги савдо Ўзбекистоннинг АҚШдан 22 дона «Boeing» йўловчи самолёти сотиб олиш нияти билан чекланмайди. Бу, айниқса, қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги стратегик конларни ўрганиш ва ишлаб чиқаришни хавфсиз кўпайтириш, инфратузилмани янгилаш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш, терроризмга қарши курашиш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш каби соҳаларда – Ўзбекистон тараққиётига янги суръат бағишлайдиган барча омилларга тааллуқлидир.

Таъкидлаш жоизки, алоқаларни ривожлантириш нафақат Ўзбекистон, балки Вашингтоннинг ўзи учун ҳам зарур. Акс ҳолда, АҚШ Президенти Доналд Трамп тегишли ҳукумат мулозимларига Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратиш ва икки томонлама муносабатлардаги барча жиддий тўсиқларни олиб ташлаш ҳақида кўрсатма бермаган бўларди. Қувонарлиси, Президент Шавкат Мирзиёев ўз юрти манфаати йўлида очилган имкониятларни максимал даражада оширишга интилмоқда ва ишонаманки, қардош ўзбек халқи бу ижобий натижаларни яқин келажакда тўлиқ баҳолай олади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш