Logo

Қирғизистон ОАВ: "Термиз майдони" ташаббуси – минтақавий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган замонавий ва инновацион ёндашув

Май 16, 2025. 10:26 • 3 дақ

109
Қирғизистон ОАВ: "Термиз майдони" ташаббуси – минтақавий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган замонавий ва инновацион ёндашув

БИШКЕК, 16 май. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг "Аlliance-press.kg" ахборот-таҳлил агентлиги порталида "Термиз платформаси – Марказий ва Жанубий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича мулоқот майдони" сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда мамлакатимизнинг мазкур стратегик ҳудуд орқали илгари сурилаётган минтақавий боғлиқлик ва барқарорлик ташаббусларига холис баҳо берилган. Жумладан, Термиз шаҳрининг тарихий, геосиёсий ва логистика жиҳатдан ноёб мавқеи, унинг Афғонистон орқали Жанубий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашдаги роли, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлашдаги муҳим функциялари қайд этилган.

"Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган минтақавий ҳамкорлик стратегияси, жумладан, 2021 йилда Тошкентда ўтказилган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар" халқаро конференцияси ва унинг асосида БМТда қабул қилинган махсус резолюция – минтақа давлатлари ўртасидаги сиёсий ишончни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди, – деб ёзган муаллиф. – Термиз шаҳри бу жараёнда алоҳида аҳамиятга эга стратегик ҳудуд сифатида кўрсатилмоқда. Бугунги кунда Термиз нафақат транспорт ва савдо алоқалари маркази, балки гуманитар ва таълим соҳаларида ҳам фаол ривожланиш марказига айланмоқда".

Материалда айни пайтда амалга оширилаётган "Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар" темир йўли ва "Сурхон – Пули-Хумри" электр узатиш лойиҳалари бутун минтақадаги иқтисодий интеграция учун асосий пойдеворлардан бири сифатида баҳоланган. 

Шунингдек, мақолада Термиз шаҳрида ташкил этилган Афғонистон фуқаролари учун таълим маркази ҳам алоҳида қайд этилган. Бу таълим муассасаси орқали Ўзбекистон томони қўшни мамлакат ёшлари учун таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва келажакда мамлакатнинг тикланишида иштирок этиш имкониятини яратиб бермоқда. Мазкур ташаббус минтақа тинчлиги ва барқарорлигига қаратилган улкан инсонпарварлик қадамидир.

 "Термиз шаҳрида 2024 йил август ойида очилган "Термиз" халқаро савдо маркази ҳам минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Бу марказ 3 мингдан ортиқ савдо нуқталарини қамраб олади, ташриф буюрувчилар учун визасиз режим яратиляпти, қўшни Афғонистон билан савдо ва алоқаларни янада фаоллаштирмоқда. Марказ, шунингдек, Ўзбекистоннинг савдо салоҳиятини ошириш, балки бутун минтақани иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади", – дея таъкидланган материалда.

Қирғизистон ОАВ Термизнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги тарихи ва бугунги фаолияти, жумладан, терроризм, наркотрафик ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашдаги ўрни ҳақида ҳам ёзган. Бу йўналишдаги қўшма ташаббуслар, жумладан, "Дўстлик кўприги" орқали олиб борилаётган назорат тадбирлари халқаро ҳамкорликнинг самарали механизмидир.

Қайд этилишича, Ўзбекистон томонидан Термиз шаҳри негизида амалга оширилаётган ушбу кўп қиррали ва узоқни кўзлаган ташаббуслар Марказий ва Жанубий Осиёни яқинлаштириш, умумий манфаатларга хизмат қиладиган мулоқот, ҳамкорлик ва тинчлик муҳитини шакллантиришда катта аҳамиятга эга.

 "Аlliance-press.kg" ахборот-таҳлил агентлиги порталида жойлаштирилган мақолада, шунингдек, "Термиз майдони" ташаббуси минтақавий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган замонавий ва инновацион ёндашув сифатида юқори баҳоланиб, у Марказий ва Жанубий Осиёнинг янги ривожланиш босқичига кўтарилишини рағбатлантириши урғуланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш