Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида болалар ўртасида расм чизиш бўйича танлов ташкил этилди
Июнь 02, 2026. 19:32 • 2 дақ
• 13
ИСЛОМОБОД, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва дипломатик ваколатхона ходимларининг фарзандлари учун «Очиқ эшиклар куни» доирасида болалар ўртасида расм чизиш бўйича танлов ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур танлов ёш авлодни санъат ва ижодкорликка қизиқтириш ва уларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини бойитиш мақсадида ўтказилди.
Унда элчихона дипломатлари фарзандлари фаол иштирок этди. Ёш иштирокчилар ўз иқтидор ва тасаввурларини намоён этиб, Ўзбекистон тарихи, маданияти, миллий қадриятлари ва диққатга сазовор масканларига бағишланган ранг-баранг суратларни чиздилар.
Танлов иштирокчилари томонидан чизилган расмларда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлар, Регистон майдони, ўзбек халқининг урф-одатлари, миллий либослари ва байрамона анъаналари акс эттирилди.
Танлов доирасида болалар томонидан яратилган санъат асарларининг кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Элчихона меҳмонлари ва ота-оналар болалар томонидан яратилган ижод намуналари билан танишиб, уларнинг маҳоратини юқори баҳоладилар.
Танлов натижалари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Ёш мўйқалам соҳибларининг «асар»ларини баҳолашда расмларнинг мазмунан бойлиги, мавзуга мослиги, ижодий ёндашув ва бадиий маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди. Энг яхши ишлар муаллифлари ғолиб деб топилиб, уларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, барча иштирокчиларга фаол иштироки учун ташаккурномалар ва рағбатлантирувчи совғалар берилди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан элчихона вакиллари болаларни байрам билан табриклаб, уларнинг ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Бундай тадбирлар ёш авлоднинг миллий меросимизга ҳурмат руҳида тарбияланиши, турли халқлар маданияти билан яқиндан танишиши ва дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига хизмат қилиши қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Қурбон ҳайити муносабати билан Россиянинг Нижнекамск шаҳридаги ватандошлар учун хайрия дастурхони ёзилди



