Хитой ОАВ бўлажак Термиз мулоқотига катта қизиқиш билдирмоқда

Июнь 02, 2026. 19:41 • 2 дақ

5
Хитой ОАВ бўлажак Термиз мулоқотига катта қизиқиш билдирмоқда

ПЕКИН, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “Psearcher” журналида бўлажак Термиз мулоқотининг аҳамияти ҳамда Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон транспорт интеграцияси, иқтисодий яқинлашув ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш ғояларини илгари сурган ҳолда минтақавий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ташаббускори сифатида фаол ҳаракат қилмоқда.

Икки минтақа ўртасида барқарор ҳамкорликни шакллантиришга қаратилган Термиз мулоқоти бу борадаги муҳим платформалардан бири сифатида қайд этилган.

Нашрда маълум қилинишича, 2025 йилда “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” шиори остида ўтказилган биринчи форум кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратган.

Шунингдек ўқинг

Термиз шаҳрининг йирик транспорт-логистика маркази ва Ўзбекистоннинг “жанубий дарвозаси” сифатидаги стратегик аҳамиятига, шунингдек, унинг минтақавий боғлиқликни кучайтиришдаги ролига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг Ҳинд океани портларига чиқишини таъминлашга хизмат қилиши мумкин бўлган истиқболли транспорт йўлаги сифатида қаралаётган “Термиз–Мозори-Шариф–Харлачи” трансафғон темир йўли лойиҳасининг аҳамияти таъкидланган.

Мутахассисларнинг фикрича, Термиз мулоқоти аста-секин нафақат иқтисодий, балки минтақавий ҳамкорликнинг институционал платформасига айланиб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Нашр хулосасига кўра, Ўзбекистон мулоқот, ўзаро манфаатдорлик ва инфратузилмавий боғлиқликка асосланган ривожланиш моделини илгари сурмоқда, бу эса унинг Евроосиё минтақасидаги интеграция жараёнларидаги муҳим ўрнини янада мустаҳкамламоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш