Германия ОАВ: Ўзбекистон Марказий Осиёда ахборот технологиялари хабига айланмоқда
Октябрь 17, 2025. 19:23 • 2 дақ
• 48
БЕРЛИН, 17 октябрь. /"Дунё" АА/. Германиянинг "Berliner Zeitung" онлайн нашрида Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқлари ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Сунъий интеллект кундалик ҳаётимизни тубдан ўзгартирмоқда, – деб ёзилган мақола бошида. – Масалан, Ўзбекистонда минглаб маъмурий ҳужжатлар эндиликда алгоритм томонидан бажарилади. Йирик модернизация режаси орқали бошқарув тизими тубдан ўзгартирилмоқда. Мамлакат суперкомпьютерлар, стартапларни қўллаб-қувватламоқда ва ахборот технологиялари бўйича халқаро ҳамкорликка катта эътибор қаратмоқда".
Қайд этилишича, мамлакатни яқин йилларда сунъий интеллект соҳасида минтақадаги етакчи давлатлардан бирига айлантирадиган улкан дастур ишга туширилмоқда. Рақамлаштириш жараёнида 2000 дан ортиқ бошқарув лавозимлари қисқартирилади. Ушбу чора-тадбирлар бошқарув тузилмасини оптималлаштириш, яъни рақамли тизимлар ва сунъий интеллектга асосланган қарор қабул қилиш жараёнларини жорий этишга қаратилган.
Немис нашри таъкидига кўра, ушбу стратегиянинг ўзаги бўлган – бутун мамлакат бўйлаб ишлайдиган сунъий интеллектга асосланган иловаларни ҳисоблаш қуввати билан таъминлайдиган "суперкомпьютер кластери" ташкил этиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, иқтисодиётнинг турли соҳаларида, яъни қишлоқ хўжалигидан тортиб, атроф-муҳит ва молиявий хизматларгача ўнлаб лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
"Ўзбекистоннинг сунъий интеллект стратегиясидаги асосий йўналишлардан бири – хорижий инвесторларни жалб этиш, хусусан, дастурга кўра, Қорақалпоғистонда замонавий маълумот марказларини қуриш режалаштирилган. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, бу инфратузилма мамлакат рақамли суверенитетининг асосига айланади", – дейилган нашрда
Материалда, шунингдек, сўнгги ўн йилликда Ўзбекистонда ҳайратланарли ижобий ўзгаришлар юз бераётгани урғуланган. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон улкан ислоҳотлар майдонига айланган. Мамлакат ташқи дунёга очилмоқда ва барча минтақа давлатлари билан ҳамкорликка интилмоқда.
"Бугун Ўзбекистон ўзини тараққиётга интилувчи минтақавий куч сифатида намоён қилмоқда — ислоҳотлар, инвестициялар ҳамда билимга чанқоқ ёшлар орқали янги шаклланиб бораётган ахборот технологиялари даврида ўз ўрнини эгалламоқда. Ўзбекистоннинг сунъий интеллект стратегияси миллий "Бир миллион сунъий интеллект етакчиси" дастури билан боғланган бўлиб, унинг доирасида 2027 йилгача бир миллион ёшларни сунъий интеллект ва замонавий технологиялар соҳасида ўқитиш мақсад қилинган. Ёшларга турли платформаларда бепул онлайн ўқув дастури орқали замонавий ахборот технологиялар соҳасида билим олиш имконияти яратилган", – дейилади мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди