Logo

Хорижий ОАВ Самарқандда бўлиб ўтадиган "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" саммити ҳақида

Апрель 25, 2025. 10:07 • 3 дақ

140
Хорижий ОАВ Самарқандда бўлиб ўтадиган "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" саммити ҳақида

ТОШКЕНТ, 25 апрель. /"Дунё" АА/. Мисрнинг етакчи электрон нашрлари – "Sada El Balad" ва "Al Diplomacy", Кувайтнинг "Q8 press", Иорданиянинг "Ammon news" нашрларида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ҳамда Саудия Арабистонининг "Gulf Research Center" тадқиқот маркази директори Абдулазиз Сагернинг "Марказий Осиё ва КАДҲК: тарихий алоқалардан стратегик шерикликгача" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) мамлакатлари ўртасидаги жадал ривожланаётган муносабатлар ҳар томонлама таҳлил қилинган, икки минтақа ўртасидаги стратегик шериклик истиқболлари белгилаб берилган.

"Ушбу жараёндаги бурилиш нуқтаси 2023 йил 19 июлда Жидда шаҳрида бўлиб ўтган КАДҲК ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи тарихий саммити бўлиб, узоқ муддатли стратегик ҳамкорликка асос солди", – деб ёзади муаллифлар.

Ушбу мулоқотнинг иккинчи саммитини Самарқанд шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Саммит ўтказиладиган жой сифатида Самарқанднинг танланиши шаҳарнинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги тарихий ролини таъкидлайди.

Сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, маданий-тарихий алоқаларга ўзаро манфаатдорлик ва қулай геостратегик жойлашув билан тўлдириладиган Марказий Осиё КАДҲК давлатларининг иқтисодий имкониятлари ушбу ҳамкорлик форматининг стратегик аҳамиятини оширади", – дейилган мақолада.

Муаллифларнинг таъкидлашича, Марказий Осиёда КАДҲК инвестицияларининг умумий ҳажми сўнгги йилларда барқарор ўсишни кўрсатиб, 2022 йилдан буён қарийб уч баравар кўпайган.

Таҳлилчилар таъкидлаганидек, туризм соҳасида катта муваффақиятларга эришилди. Хусусан, Марказий Осиё КАДҲК туристлари учун жозибали манзилга айланмоқда. Масалан, 2023 йилда Ўзбекистонга КАДҲК минтақасидан 8,3 мингдан ортиқ, 2024 йилда эса 12 минг нафар (2023 йилга нисбатан ўсиш 44,5 фоиз) сайёҳ ташриф буюрган.

Муаллифлар, шунингдек, салоҳияти ҳали тўлиқ очилмаган кўп томонлама келишувлар орқали савдони кенгайтириш, транспорт лойиҳаларини амалга ошириш, инфратузилма ва юқори технологияларга сармояларни жалб қилиш, агросаноат комплексини ривожлантириш, шунингдек, рақамли трансформация каби ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратган.

Яна бир муҳим йўналиш, етакчи таҳлил марказлари раҳбарларининг фикрича, илмий ва интеллектуал ҳамкорликни кучайтиришдир. "Икки минтақанинг илмий-тадқиқот институтлари ва таҳлил марказлари ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда алоҳида ўрин тутиши керак", – дея қайд этади муаллифлар.

Шу муносабат билан яқин кунларда Тошкентда "Марказий Осиё ва КАДҲК ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш: тарихий алоқалардан кенг қамровли ҳамкорлик сари" мавзусида Марказий Осиё ва КАДҲК мамлакатлари таҳлил марказларининг биринчи форумини ўтказиш режалаштирилмоқда, унда икки минтақанинг етакчи "ақл марказлари" иштирок этиш истагини билдирган.

Биринчи минтақалараро форум ташкилотчилари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Саудия Арабистонининг "Gulf Research Center" тадқиқот маркази ҳисобланади.

"Умуман олганда, Марказий Осиё ва КАДҲК ўртасидаги ҳамкорлик ҳақиқий стратегик истиқболларни очади. Бирлаштирувчи тамойил нафақат маданий ва тарихий яқинлик, балки иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдирувчи хусусиятидир", – деб ёзган Элдор Арипов ва Абдулазиз Сагер.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш