Тожикистон ОАВ: Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичи сари дадил одимламоқда
Декабрь 25, 2024. 19:10 • 2 дақ
• 134
ДУШАНБЕ, 31 декабрь /"Дунё" АА/. Тожикистоннинг "Avesta" ахборот агентлиги "Янги Ўзбекистонда миллий парламентаризмнинг асосий йўналишлари" сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда сўнгги йилларда Ўзбекистон жадал суръатлар билан тараққиётнинг янги босқичига ўтаётганлиги – мамлакатнинг демократик имижи ўсаётгани, хусусан, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ислоҳотлар ва янгиланишлар юз бераётгани таъкидланган.
Ўзбекистонда ҳар бир инсоннинг асосий фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари амалда таъминланаётгани, хусусан, инсон ҳуқуқларига риоя этиш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, сўз эркинлигини кафолатлаш давлат органлари фаолиятининг мазмунини шакллантирувчи умуминсоний қадриятлар эканлиги қайд этилган.
"Ўзбекистон - ҳуқуқий давлат" тамойили мамлакатнинг янгиланган Конституциясида мустаҳкамланган бўлиб, у Ўзбекистонда қонунчиликнинг мақбуллиги, такомиллашуви, халқчиллиги ва самарадорлигини таъминлашнинг муҳимлигини акс эттиради.
"Мамлакат тараққиётининг янги босқичида норма ижодкорлиги соҳасида ўта долзарб вазифалар тургани инобатга олиниб, қонун ижодкорлиги соҳасида қуйи палатанинг иш сифатини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Қонуннинг ягона манбаи халқ бўлиши керак, деган устувор тамойилга асосланган бир қатор янги демократик тартиб-таомиллар жорий этилди", – деб ёзган муаллиф.
Нашрда таъкидланишича, Қонунчилик палатаси ҳам ҳақиқий "демократия мактаби"га, ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс ва мунозаралар ўтадиган майдонга айланган.
"Ўзбекистон дунёнинг энг нуфузли халқаро парламент ташкилотлари - Парламентлараро Иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда миллий парламентаризмнинг асосий йўналишларини ривожлантириш мамлакатнинг олижаноб кўп миллатли халқининг орзу-умидлари билан ҳамоҳангдир", – дейилган мақола хулосасида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси